Ўзбекистон ёшларига хат (Долзарб)

​Сўнги ҳафта ичида халқим тақдири ҳақида жуда кўп ўйладим (нима ҳам қилай — мен уддалайдиган энг яхши иш ўйлаш ҳозирча). Чуқур мулоҳазалардан кейин Ўзбекистон ёшларига ушбу хат билан мурожаат қилишга қарор қилдим.

Қуйида билдирадиган фикрларим кимгадир баландпарвоз туйилиши мумкин. Лекин буларнинг барчаси ўз манфаатимизга хизмат қилади.
Ота-онам ва яқинларим яшаб келаётган ўлкада инсон қадри баланд бўлишини мен жуда ҳам хоҳлайман. Бунга ҳисса қўшишнинг биргина йўли — илм олиш деган хулоса билан сиз билан суҳбатга киришяпман. Биламан, орамизда ўз яқинлари (оила, маҳалла, қариндош-уруғ, ёр-биродарлар) тақдирига ва фаровонлигига бефарқ бўлмаган йигит-қизлар жуда кўп. Ана шундай тенгдошларим, укаларим ва сингилларимга қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман:

1. Илм олайлик. Дунё ҳақида қанча кўп билимга эга бўлсак — уни англашимиз, уни ўзимиз ва бизга азиз инсонлар учун яшашга қулай муҳитга айлантиришимиз шунча осон бўлади. Илм олишимизга тўсқинлик қилувчи омиллар кўп топилади — лекин, келинг, ана шу омиллар билан курашишни бир ўйинга айлантирайлик ва бунда ғолиб чиқайлик. Керак бўлса, пахтазорда китоб ўқийлик, тенгдошлар билан фикр алмашайлик, зеҳнни чархлайлик. Илм — ҳеч қачон қадри йўқолмайдиган бойлик. Янги кийимингиз бир кун эскиради ва уни ташлаб юборасиз — лекин билим сизга бир умр беминнат хизмат қилади.

2. Тил ўрганайлик. Чет тилини билиш — бизга янги илмлар дунёсига олиб борадиган эшикларни очиб беради. Ихтиёримизда интернет каби деярли чексиз билимлар манбайи мавжуд. Тил билиш шу манбалардан тўлиғича фойдаланишимизга ёрдам беради.

3. Танқидий фикрлашни ўрганайлик. Бу қобилият ҳаммамизга айнан бизга керакли билимларни тўплашга, бизга ёт ёки зарарли ғояларни таниб олишга ёрдам беради. Танқидий фикрлаш ёқтирмаган одамингиз камчиликларини айтиш эмас. Бу қўлингизга келиб тушган маълумотни одилона баҳолаш, ҳар томонлама ҳаётга солиштириш ва фақатгина реал ҳаётда ўз тасдиғини топганларинигина қабул қилиш дегани.

4. Тежамкор бўлайлик. Молпарастлик — бутун дунёни, катта-катта мамлакатларни тиз чўктирган бир офат. Бу касалликка учраган жамиятлар ўз бойликларини тез еб битириб, ёки ночорликка ва бошқаларга қарамликка мубтало бўлмоқда, ёки куч ва айёрлик билан бошқалар бойлигини тортиб олишга интилмоқда. Тежамкор бўлиш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас — ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда оддий одатлар билан ўзимиз, яқинларимиз ва бўлажак фарзандларимиз ҳаётини анча фаровон қилишимиз мумкин. Сув, электр энергияси, табиий газни тежаб ишлатиш — бу юксак тарбия ва маданият аломати. Сотиб олаётган буюмларимизга эътиборли бўлиш — биз ёки ота-онамиз умрини сарфлаб топаётган пулга келган нарсаларнинг қадрига етиш бўлади.

5. Инсон қадрини ҳурмат қилайлик. Атрофимиздагилар ким бўлишидан қатъий назар, уларни шунчаки инсон сифатида қадрлашни ўрганайлик. Миллати, ирқи, дини ёки бошқа белгисига қараб одамларга паст назарда қарашдан, кимнидир камситишдан эҳтиёт бўлайлик. Бировни ўзидан паст билган одам — ўз қадрини йўқотади.

6. Қолипга тушиб қолишдан нари бўлайлик. Замон ва жамият алоҳида одамни кўплаб эркинликлардан маҳрум қилиши мумкин. Лекин ҳеч ким ҳеч қачон бизни эркин фикрлашдан маҳрум қила олмайди. Фикр эркинлигини қолипга соладиган куч мавжуд эмас. Фақатгина одамнинг ўзи ўзини қолипга солиб қўйиши мумкин. Фикр эркинлигини сақлаб қолиш бизга бошқа эркинликлар беради. Эркин фикрлаган мутахассис янгича ғоялар билан чиқа олади ва яхши пул топиб, молиявий эркинликка эришади. Эркин фикрлаган шахс ўз ҳаётини баҳолашда ва бошқаришда эркин бўлади. Эркин фикрлаган одам — ҳар қандай муҳитда эркин яшайди.

Баъзиларимиз ота-оналик бахтига сазовор бўлганмиз. Бошқалар энди бу бахтни татиб кўради. Фарзандларимизни тарбиялашда ҳам юқоридаги тамойилларга эътибор берайлик. Токи улар ҳам ўз ҳаётини ўзи бошқара оладиган кучли шахслар бўлиб улғайсин.

Агар сизда ҳам шунга ўхшаш таклифлар бўлса — илтимос, уларни ҳам рўйхатга қўшинг. Менинг фикрларимга ҳаммангиз тўлиқ қўшилишингизни кутмайман. Менинг таклифларимни ҳам танқидий фикрлаш элагидан ўтказасиз, албатта. Лекин сиздан бир илтимосим — агар фикрларимдан кимгадир фойда бўлишига ишонсангиз, уларни ҳамма дўстларингиз билан баҳам кўринг. Бу таклифларни кўпчиликка етказишга ёрдам беринг.

Бу ишни телевизорда сийқаси чиқариб ташланган “буюк келажак«$1» учун эмас, давлат учун эмас — ўзимиз учун, азизларимиз учун қилайлик. Мен сизга ватанпарвар бўлишни таклиф қилмаяпман — мен сизга инсонпарвар бўлишни, парваришни эса аввало ўзингиздан бошлашни таклиф қиляпман.

Ҳурмат билан,

© Жавлон Жураев
(Imlo.insof.uz сервиси асосичиси)

→Maslahatim.uz

18
0
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Ўзбекистон ёшларига хат (Долзарб): 10 комментариев

  • Amon Olimov
    17/09/2016 в 9:53 пп
    Permalink

    Javlon Juraev — «O’zlik sari yetti qadam» kitoblari muallifi, ajoyib paixolog, yozuvchi, iqtisodchi.

    Ответ
  • Нафисахон Тохировна
    18/09/2016 в 7:23 дп
    Permalink

    Рахмат мен бугунок кучириб олиб угилларим хонасига куринайдиган жойга ёпиштириб куяман.Хар хонасига кирганда укишини кайта кайта укишини,миясига сингишини хохлайман

    Ответ
  • Doniyor Azimov
    18/09/2016 в 11:19 дп
    Permalink

    O’zbek xalqini aynan shu o’lkada yashovchi turkiy xalqlarni genetik (irsiy) jihatdan zukko-aqllidir. Faqatgina yuqoridagi maslahatlarga qat’iy amal qilsak, man 110% ishonamanki, yana Ibn Sino, al-Beruniy, Xorazmiylar yetishib chiqajak. Xattoki, hindlarni qadimiy tili Sanskritdan tortib, zamonaviy texnologiyalarni asosi bizning o’lkadan butun dunyoga tarqalgan! Zo’r fikr!

    Ответ
  • Назокат Собирова
    18/09/2016 в 5:58 пп
    Permalink

    Баракалла хакийкатни езибсиз углим

    Ответ
  • Махфуза Абдушараповна
    18/09/2016 в 10:52 пп
    Permalink

    Коил жуда тугри

    Ответ
  • Mirsharof Ganiyev
    19/09/2016 в 12:35 пп
    Permalink

    Assalomu alaykum dostim ayni men qolipga tushib qolish togrisidagi firkga alohida qoshilaman

    Ответ
  • Mirsharof Ganiyev
    19/09/2016 в 12:37 пп
    Permalink

    Menda bir necha goyalar bor ularni amalga oshiraolsam yelkadoshlarim tengdoshlarim undan zavqlanishi aniq

    Ответ

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️