Балки, улгуриб қолармиз…

Бевақт вафот этибди… Яқиндагина бола-чақа ташвишидан қутулиб, қизларини чиқариб, ўғилларини уйлаб, эр-хотин энди оёқни узатиб дам оладиган бўлишганди… Энди 63 ёшга чиққан эди-я… Ёш кетди, ҳатто уйланишга ҳам улгурмади… Нафақага чиқишига атиги 3 йил қолган эди… Ҳали олам-олам режалари, қилинмаган ишлари бор эди… Яхши кишилар шундай эрта вафот этиб кетаверар экан-да…

Шу каби гапларни неча марта эшитгансиз, ёки ўқигансиз? “Бевақт ўлим”, “Ўз ажали билан ўлибди”, деган ибораларничи? “Ажал” ўзи “муддат” дегани эмасми? “Бевақт” дегани унда нимаси?
Аллоҳ Таъоло:
وَلِكُلِّ أُمَّةٍ أَجَلٌ فَإِذَا جَاءَ أَجَلُهُمْ لَا يَسْتَأْخِرُونَ سَاعَةً وَلَا يَسْتَقْدِمُونَ
“Ҳар бир умматнинг ажали бор. Ажаллари келган вақтида (ўлимни) бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар» (“Аъроф” сураси, 34-оят), демаганмиди?

Демак, “бевақт ўлим” йўқ. Аксинча, ҳар бир жон ўзига белгиланган ажал – муддат тугаши билан вафот этади. Шунинг учун кимдир она қорнидан ўлик туғилади – унинг муддати ўша ердаёқ битган. Кимдир чақалоқлигида вафот этади – муддати тугаган. Яна кимдир уйланмай, кимдир туғилажак фарзандини кўрмай, бошқаси ўзи туққан болага назар ташлай олмай вафот этади… Кимдир “етдим деганда йиқилади” – университетни битириш, ишга жойлашиш, пенсияга чиқиш… арафасида дунёдан ўтади…

Қисқаси, ҳеч кимга бу дунё ҳаёти қаерда ва қачон тугаши белгилаб берилмаган. Ажал – муддат ўз ниҳоясига етиши билан ўлим келаверади. Бизнинг «оҳ-воҳ»ларимиз эса шунчаки кераксиз гап бўлиб қолаверади.

“Ижарага олинганини эмас, доимий яшайдиган уйингни обод қил”. Бу ҳикматни деярли ҳамма ўқиган, уни маъқуллаган, инкор этмаган. Лекин амал қилишга келганда оқсайверамиз. Дунёни-ку, ўзимизча нимадир билан обод қилдик. Охиратни қандай обод қиламиз? Уёққа борганда биринчи нимадан сўраламиз?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Қиёмат кунида банданинг энг биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган амали намози бўлади. Агар намози солиҳ-яроқли бўлса, нажот топибди, муваффақиятга эришибди. Агар намози фосид-яроқсиз бўлса, зарар кўрибди, зиёнга учрабди. Фарз(намоз)ларидан биронтаси нуқсонли бўлса, Робб азза ва жалла (фаришталарга): «Қаранглар-чи, бандамнинг фарз(намоз)лари нуқсонини тўлдирадиган нафл(намоз)лари бор эканми?» – деб айтади. Кейин бошқа амаллари ҳам шу тарзда (ҳисоб-китоб) бўлади».Термизий (413), Насоий (464). Саҳиҳ ҳадис.

Ҳаммамиз ўзимизни мусулмон деб биламиз. Аммо ибодатлар, хусусан, намоз масаласига бепарво қараймиз. Кимдир “бевақт” вафот этса, унга ачинамиз. Дунёда улгурмаган ишларини санаб қайғурган бўламиз-у, ўзи намоз ўқирмиди, ибодатларни бажарармиди, бунга эътибор бермаймиз. Қилиб қўйган ишлари учун алқаймиз – «Шунча ўғил-қизининг ишини битирди. Энг кичкинасини ҳам уйлаб қўйган эди. Неварасининг суннат тўйини ҳам элга катта ош бериб ўтказувди…» – лекин ўзи намоз ўқирмиди, ибодатларни бажарармиди, бунга парво ҳам қилмаймиз.

Кимдир бизга “Намоз ўқи”, деб насиҳат қилса, “Ҳозир ишларим (ўқишларим) кўп. Фалон-фалон нарсаларни қилиб олай (пенсияга чиқай), кейин ўқийман”, деймиз. Ҳолбуки, ўша ишни битириб олишимиз ҳам, пенсияга чиқишимиз ҳам кафолатланмаган, бунинг учун бизга осмондан васиқа – ҳужжат тушмаган. Нимага ишоняпмиз?

Ҳасан Басрий жанозада ёнидаги кишидан: «Нима деб ўйлайсан? Маййит дунёга қайтганида солиҳ амал қилармиди?» – деб сўрагандилар, «Ҳа», деб жавоб берди. Ҳасан Басрий айтдилар: «Агар у бундай қила олмаса, сен қилгин (вақтни бой бермагин)».

Кеча ўтганлар, бугун ўтганлар ўтиб кетди. Ортга қайтиш йўқ – йўл бутунлай ёпилди. Улгурмаганлар учун энди бефойда афсус-надоматдан бошқа иш қолмади…

Бизчи? Балки, улгуриб қолармиз…

© Musannif Adham

53
2
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Балки, улгуриб қолармиз…: 5 комментариев

  • Muhabbat Sodiqova
    02/01/2017 в 8:35 дп
    Permalink

    катта рахмат оллох рози булсин

    Ответ
  • Комил Махмудов
    02/01/2017 в 7:52 пп
    Permalink

    Улгуриб колиш хам бандасини кулида эмасда

    Ответ
  • Shahnoza Ahmadaliyeva
    02/01/2017 в 11:39 пп
    Permalink

    Tangrim bilib bilmay qilayotgan gunohlarimizni o’zing kechirgin!

    Ответ

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️