Эски телефон… (Ибратли ҳикоя)

Ҳали жуда ёш бола пайтим эди. Дадам уйимизга телефон ўрнаттирди. Қўни-қўшниларимиз орасидаги энг биринчи телефонлардан бири эди у. Уйимиз деворига маҳкамлаб қўйилган, юзаси силлиқ сайқалланган ўша аппарат ҳали-ҳамон ёдимда. Нафис ишланган гўшаги унинг бир четига илиб қўйиларди. Бўйим ҳали жуда кичик бўлганлигидан бу ажиб матоҳга қўлим етмасди, аммо ҳар гал онам у билан гаплашганда ўзгача бир энтикиш ва ҳайрат билан қулоқ солиб турардим. Кейинроқ эса, бу матоҳ ичида ғаройиб митти бир аёл яшашлигини билиб олдим. Унинг исми Маълумот Маркази эди. У аёл билмаган ҳеч нарса йўқ эди дунёда. Аниқ вақтдан тортиб, қўшниларимизнинг телефон рақамларигача биларди.

Бир куни онам қўшнимизникига чиқиб кетиб, уйда ўзим ёлғиз қолган пайтим биринчи маротаба ўша аёл – “чироқ ичидаги жин” билан суҳбатлашдим. Ертўлада, асбоб – анжомлар сақланадиган жойда ўйнаётгандим. Тасодифан, қўлимни болға билан уриб олдим. Оғриқ кучли эди, аммо йиғлашнинг ҳам мавриди эмасди. Чунки йиғласам мени юпатадиган, овутадиган ҳеч ким йўқ эди ёнимда. Лўқиллаб оғриётган қўлимни нафасим билан куф-куфлаганча уйнинг у ёғидан бу ёғига югура бошладим. Зина ёнига етганимда эса кўзимга бир нима ярқ этиб ташланди: телефон! Хонадаги курсичани унинг тагига сурдим ва бир амаллаб гўшакни кўтариб, қулоғимга тутдим.

-Маълумот маркази, илтимос, — дедим гўшакка қарата. Аввалига бир оз шиғирлаган товуш, кейин эса тиниқ ва ёқимли овоз келди гўшакдан:

-Маълумот маркази, эшитаман!

-Қўлимни уриб олдииим..,-ана энди ҳўнграб йиғлай бошладим, чунки йиғимни эшитадиган одам топилганди.
-Онажонинг уйдами?

-Мендан бошқа ҳеч ким йўқ уйда,-пиқилладим мен.

-Қонаяптими?-сўради овоз.

-Йўқ,-жавоб қайтардим мен.-Бармоғимни болға билан уриб олдим, қаттиқ оғрияпти.

-Уйингда муз солинган идиш борми? Уни оча оласанми?

-Ҳа.

-Ўша идишдан бир оз муз олгин-да, бармоғингга бос,-маслаҳат берди ёқимли овоз.

Шу воқеадан сўнг Маълумот Маркази исмли аёлга ҳар қандай муаммоимни айтиб қўнғироқ қилаверадиган бўлдим. Бир сафар, география фанидан ёрдам сўраб қўнғироқ қилганимда, Филадельфия қаерда жойлашганини айтиб берган бўлса, яна бир сафар эса математикадан уй вазифасини қилишимга ёрдам берди. Бошқа сафар эса боғда тутиб олган оласичқонимни мева ва ёнғоқлар бериб боқишим кераклигини айтди.

Бир куни уйимиздаги канарейка ўлиб қолди. Бундан қаттиқ қайғуга тушдим ва нохуш хабарни дарҳол Маълумот Марказига етказдим. У эса катталар ёш болаларни юпатиш учун айтадиган одатий гапларни гапирди. Бу мени овунтирмади ва унга савол бердим:

-Нега шунчалик чиройли сайрайдиган, ҳамма оилаларга хурсандчилик олиб келадиган қуш ўлиши, қафаснинг бир четидаги бир уюм патга айланиб қолиши керак?

У менинг қанчалик қайғуда эканимни тушунди шекилли, оҳиста жавоб берди:

-Ёдингда тут, Пол, қушлар сайрайдиган бошқа дунёлар ҳам бор. Қушинг ўша дунёларга кетган.

Унинг бу жавоби менга бир оз таскин берди. Қайғу ҳисси бир оз чекингандек бўлди. Бир-икки кундан сўнг яна унга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим:

-Маълумот Маркази, “fix” сўзи қандай ёзилади?

Бу воқеаларнинг барчаси Американинг шимоли-ғарбидаги кичик бир шаҳарчада бўлиб ўтганди. 9 ёшга кирганимда эса Бостонга кўчиб ўтдик. Болаларча хаёлимда Маълумот Маркази олдинги уйимиздаги ўша эски телефонда яшарди ҳамон. Шунинг учун янги уйимиздаги замонавийроқ телефонда у билан гаплашишни ҳаёлимга ҳам келтирмадим. Улғайдим. Ана энди ўсмир йигитга айланиб, ҳаётга қарашларим ҳам ўзгара бошлаганди. Аммо беғубор болалигимдаги ўша суҳбатлар хотираси ҳеч ҳам мени тарк этмасди. Баъзан ўша нотаниш аёлнинг кичкина бир боланинг гўдакларча гапларини сабр билан эшитганидан,вақтини қизғонмай меҳрибонлик билан суҳбатлашганидан миннатдор бўлардим.

Орадан яна бир неча йиллар ўтди. Коллежда ўқиш учун бошқа шаҳарга парвоз қилаётганимда, самолётим Сиэтл шаҳри аэропортига қўниб ўтди. Парвоз давом этишига ярим соатча вақт бор эди. Ўша шаҳарда яшайдиган синглим билан 15 минутча телефонда гаплашдим. Кейин эса, ўйлаб ўтирмай ўз она шаҳримдаги оператор рақамини тердим. Шунда мен кутмаган мўъжиза рўй берди. Гўшакдан ўша таниш, ёқимли овоз келди:

-Маълумот маркази, эшитаман.

Бундай бўлишини кутмагандим. Нима дейишимни билмай:

-“Fix” сўзи қандай ёзилишини айтиб беролмайсизми?-дедим. Орага узоқ жимлик чўкди. Ва ниҳоят нариги томондан майин оҳангда жавоб эшитилди:

-Бармоғинг ҳам аллақачонлар яхши бўлиб кетгандир?

-Бу ростдан ҳам сизмисиз? – хурсандлигимдан кулиб юбордим. – Ўша йиллари мен учун нақадар қадрдон инсонга айланганингизни билганингизда эди.

-Сен ҳам ўша йиллари қилган қўнғироқларинг мен учун қанчалик аҳамиятли бўлганини билганингда эди. Менинг ҳеч қачон фарзандим бўлмаган. Шунинг учун қўнғироқ қилишингни ҳар сафар интизор бўлиб кутардим.

Мен ҳам у аёлга уни шунча йиллардан бери унутмаганимни, ҳар доим эслаб юрганимни айтдим. Кейинги гал келганимда яна қўнғироқ қилишимни таъкидладим.

-Бажонидил қилавер,-деди у.- Исмим Сэлли. Айтсанг чақириб беришади.

Орадан 3 ой ўтгач, яна Сиэтлга қайтдим ва ваъда берганимдек операторга қўнғироқ қилдим. Бу сафар нотаниш овоз жавоб берди:

-Маълумот маркази, эшитаман.

Дарҳол Сэллини сўрадим.

-Дўстимисиз?-сўради у.

-Ҳа, жуда ҳам эски дўстиман.

-Буни айтаётганимдан афсусдаман,-деди оператор.-Сэлли касалланиб қолгани учун охирги бир неча йил фақат ярим кундан ишлади. Беш ҳафта олдин эса вафот этди.

Нима қилишимни билмай, энди гўшакни қўймоқчи бўлганимда оператор деди:

-Шошманг, исмингиз мабодо Пол эмасми?

-Ҳа!

-Ундай бўлса Сэлли сизга бир хат қолдирганди. Ўқиб берайми? Эшитинг: ”Қушлар сайрайдиган бошқа дунёлар ҳам бор. Мен ўша дунёларга кетдим”.

Кўзларимда ёш билан гўшакни қўйдим.

Пол Виллард (АҚШ)

© Abdulaziz Saidalikhanov таржимаси
→ Maslahatim.uz

12
0
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Эски телефон… (Ибратли ҳикоя): 7 комментариев

  • Sayfiddinova Mutalibovna
    07/12/2016 в 2:03 пп
    Permalink

    Rahmat hikoya un. Juda tasirli ekan

    Ответ
  • Дилноза Расулова
    07/12/2016 в 7:23 пп
    Permalink

    Zo’r ekan maza qilib o’qidim rosayam ta’sirli

    Ответ
  • Парисои Самарканди
    07/12/2016 в 8:53 пп
    Permalink

    Хммм…аж до слёз трогательно!

    Ответ
  • Хафиз Туркменов
    07/12/2016 в 10:43 пп
    Permalink

    Жуда аянчли, хеч булмаса бир бирини коришганда беармон боларди.

    Ответ
  • Санжарбек Райимкулов
    07/12/2016 в 10:52 пп
    Permalink

    Да…!!!

    Ответ
  • Sarvarbek Anvarov
    08/12/2016 в 11:39 дп
    Permalink

    juda zo’r. anchadan beri bunday hikoya o’qimagandim.

    Ответ
  • Omina Abdullaeva
    08/12/2016 в 2:38 пп
    Permalink

    Birbirlarıdan şunçali uzoq bülip oradagi mehr hurmat va işonçı qarang. Odamlar bır umr bırga yaşap bu narsaga erişolmaydılar….????!!!!

    Ответ

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️