Имтихон… (аччиқ ҳақиқат)

Бино абитуриентларнинг ота-онаси, ўқитувчиси ва яна бошқа эркак-аёллар билан тўла эди. Гап-сўз, шовқин…тартиб йўқ. Ҳужжат топшириш учун келган Абдуллоҳ ва Муслим ҳам шулар орасида. Отасиз ўсган Муслим мактабда жуда яхши ўқиган, ўқишни шу даргоҳда давом эттириб эл-юрт учун фойдаси тегадиган мутахассис бўлиб етишишни ният қилганди. Бу ўқув даргоҳига кириш анча қийин эканини билса-да, умид билан ҳужжатини кўтариб келганди. Ниҳоят қабул вақти бошланди. Бир мутасадди одамлар олдига чиқиб тўрттадан ўқувчи қабулхонага кириб суҳбат асосида ҳужжат топширишини, суҳбатдан ўтолмаганларнинг ҳужжати қабул қилинмаслигини айтди. » Бизга ҳақиқий илмлилар керак» деб қўшиб қўйди.

Одамлар орасида пичир-пичир бошланди: «Суҳбатда қийин саволлар бериларкан, анча-мунча ўқувчи ўтолмасдан ҳужжатини олиб қайтиб кетаркан». Абдуллоҳ ва Муслим бир-бирига қаради.

-Сен ўтиб кетишинг аниқ, меники қийин, бирга ўқиймиз дегандик…Абдуллоҳ умидсизлик билан Муслимга қаради.

-Ундай дема, ўртоқ, Худо хоҳласа бирга ўқиймиз,-Муслим дўстига далда берди.

Навбатлари келди. Қабулхонага икки йигит билан бирга киришди. Хонада тўрт нафар устозлар ўтирганди. Биринчи кирган йигитга савол беришди:

-Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган сана?

Жимлик.

-Алишер Навоий қачон ва қаерда туғилган?

Яна жимлик. Абдуллоҳ чидай олмай секингина пичирлади:

-1441 йил, Ҳиротда.

Йигит орқага бир қараб қўйди-да:

-1941 йил,-деб жавоб берди.

Савол берган устозни ростмана жаҳли чиқди:

-Шуни ҳам билмайсизми? Олинг ҳужжатингизни сизни қабул қилолмаймиз. 

Йигит чиқиб кетди. Муслим ва Абдуллоҳ берилган саволларга тез жавоб бериб ҳужжатларини топшириб чиқиб кетдилар.  Бир неча кундан сўнг имтиҳон бўлди. Иккиси ҳам имтиҳонни яхши топширганларидан хурсанд, жавоб чиқадиган кунни интизорлик билан кута бошладилар. Ниҳоят мандат куни келди. Ҳаяжон билан жавоблар ёзилган тахтачага яқинлашдилар. Не кўз билан кўрсинларки, иккисини ҳам баҳоси паст, исмлари қизил чизиқдан пастда. Нарироқда Навоий ҳақидаги саволга жавоб беролмай ҳужжатини қайтариб кетган йигит турарди. Кимидир топширган бўлса бирга келгандир деган ўйда яқинлашиб сўрашдилар. 

-Хафа бўлманг, ака, биз ҳам киролмадик. Тестларни яхши ечгандик, билмадик негадир балларимиз паст…

-Нега хафа бўламан, мана мени натижам!

Йигитнинг исми кирганлар орасида бешинчи рақам билан турарди!

© Муножат Муҳаммад Айюб
→Maslahatim.uz

5
2
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Имтихон… (аччиқ ҳақиқат): 1 комментарий

  • 12/10/2016 в 4:48 пп
    Permalink

    Maqola ajoyib! Meni g’oyat xursand etdi! Yaramas poraxo’rlikni kulini ko’kka sovurish kerak. Nega endi halol insonlar poraxo’rlar oldida bosh egib, burnini tortib turishi kerak ekan?! Davlat kurashayapti, biz ham kurashaylik. Axir, Islomda ham poraxo’rlik qattiq qoralangan emasmi? Atrofimizda shunday ishlar bo’lmayapti, deb kim ham ayta oladi?! Afsuski, bunday hodisalar kam emas. Poraxo’rlikdan jamiyatimizni tozalashimiz kerak. OAV ham unga qarshi jiddiy kurashmog’i, gazeta va jurnallarda shu mavzudagi she’r va hikoyalar berilmog’i darkor.
    Azizlarim, mo’min-musulmon birodarlarim! Hamjihatlikda bunday kemiruvchi illatning tomirini qirqaylik!

    Ответ

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️