Микроавтобус ҳайдовчисининг қизи…. (Мисрнинг Александрия номли шаҳарида содир бўлган гўзал воқеа.)

Гўзал ва ажойиб ҳикоя сал узунроқ экан, аммо таржимага кетган вақтим учун асло пушаймон эмасман. Чунки, диндош биродарларим ўқиб, ибрат олса бундан фақат кўнглим шод бўлгай!

Мисрнинг Александрия номли шаҳарида содир бўлган гўзал воқеа.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

★Микроавтобус ҳайдовчисининг қизи★

7чи аудиторияга тиббиёт фанлари доктори (аёл) кириб келди.
Талабалар бир овозда: Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ ва барокатуҳ.
Домла:
— Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ ва барокатуҳ.
Барчангизни янги ўқув йилининг иккинчи семестри билан табриклайман. Ушбу семестр давомида мен сизлар билан бирга бўламан. Ўзимни таништиришимдан аввал эса сизларга муҳим бир нарсани айтиб қўймоқчи эдим. Орангизда китобимни сотиб олишга қурби етмайдигонлар бўлса хуллас шароити кўтармаса, марҳамат дарсдан сўнг исм шарифини қоғозчага ёзиб, хонамга келтирсин. Биз ин шаа Аллоҳ унга ёрдам берамиз.
Сўнгра талабалардан бири деди:
— Қанақасига домла…сиздан аввал кирган домлаларнинг бари бизга «китобларни олмаган талабага йиллик натижалар қўйилмайди» деб айтишган эдику.
Домла илиқ табассум билан:
— Менинг биров билан ишим йўқ. Гап менинг китобларим ҳақида кетяпти.
Шунда бир талаба кулимсираб деди:
— Бунақада домла ҳамманинг шароити оғирлашиб, ҳеч ким китоб сотиб олмайдиган бўлади.
Домла табассум қилиб деди:
— Ҳеч қиси йўқ. Мен кечиримлиман.
Бугун дарсимизни биринчи куни экан, келинглар яхшиси сизларга гўзал бир воқеа айтиб бераман. Чунки мен биринчи кундан шарҳлагим келмайди, аксинча талабаларим билан яқиндан танишиб олгим келади.

Сўнгра домла воқеани сўзлай бошлади..

«Бундан чамамда 20 йил аввал микроавтобус ҳайдовчиси бўлган экан. Исми Аҳмад Абду Товваб. Унинг сизлар тенги бир қизи бўлиб, у Университетда биринчи курс талабаси экан.

Микроавтобус ҳайдовчиси Аҳмад амаки тонг саҳарлаб қизига:
— Фотима қизим, бутербродингни олишни унутмагин, ўқишда нонушта қилиб оларсан.
Фотима кулиб деди:
— Биринчи семестрдан бери менга «бутербродингни ол» деб айтасиз. Олишга оламан-ку, охири яна ўзим билан қайтиб келади-да. Мактаб ўқувчисимидим ўзим билан бутерброд олиб кетаман. Ахир Университетда биринчи курс бўлсам.
Аҳмад амаки:
— Биринчи курс бўлсанг нима қилибди. Ўзинг билан оволгин-да, нонуштангни қилиб ол.
Фотима:
— Дада, дадажоним ўзимни, тўғри тшунсангизчи ахир, дугоналарим кўриб қолса мени мазаҳ қилишади ахир.
Аҳмад амаки:
— Ундай бўлса, мана бу 50 жунайҳни олгинда нонуштангни қилиб ол. Қайтишингда кечки овқатга у бу нарса сотиб оларсан.
Фотима:
— Хоп бўлади, ўзимнинг меҳрибон дадажоним.
Биламан, онам раҳматли вафотларидан сўнг фақат менинг қўлимдан овқатланасиз.
Аҳмад амаки:
— Раҳматли 5 ёшлигингда сенга ҳеч нима ўргатмай оламдан ўтган бўлса ҳам, сен пиширган таомлар онангни таомларига жудаям ўхшашиб кетади.
Фотима кулиб:
— Ўзингиз айтмаганмидингиз, онанг тайёрлашни билмагани учун ўзим унга ўргатганман деб.
Ҳудди шундай менга ҳам ўзингиз ўргатгансиз-ку. Демакки пиширган таомларим ҳам онамники каби ширин ва мазали бўлиши шарт.
Аҳмад амаки кулиб деди:
— Ҳеч ким онангчалик бўлолмайди. Мен сен учун шундай деяпман холос.
Фотима ҳам кулиб жавоб берди:
— Албатта, албатта, ахир улар анча йиллардан бери қалбингиздан жой олиб келганлар.
Аҳмад амаки хўрсиниб чуқур нафас олди ва деди:
— Бўлақол қизим. Машинамни матори алла қачон қизиган бўлса керак. Сени ўқишингга ташлаб ўтаман.

Фотима қиз дадаси билан унинг машинаси томон йўл олди сўнгра миниб деди:
— Дада, эсингиздами ҳар йили мени мактабим эшигига қадар кузатиб қўяр эдингиз. Бу йилдан эса Университет эшигига қадар кузатиб қўя бошладингиз. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, онам икковингизни орзуларингизни амалга ошира олдим.
Аҳмад амаки:
— Аллоҳ раҳмат қилсин, амийн… қизим, сени олиб кетгани соат нечида келай?
— Қачон дарсдан бўшашимни билмайман ҳали дада, қандай дарсларим борлигидан ҳам хабарим йўқ. Бўлмасам, дарсларим тугагач тўғри сиз турадиган бекат томон ўтаман.
-Яхши қизим, ин шаа Аллоҳ сени кутаман.

Фотима ўқишига кириб кетди, дадаси Аҳмад амаки эса ўзининг эски микроавтобусида навбат олиш учун Александриядаги «Даманҳур» номли бекат томон кетди.

Бекатда навбатда турган Жалол амаки Аҳмад амаки билан сўрашиб:
— Бўлажак профессорнинг дадаси, қалайсиз энди?
Аҳмад амаки кулиб:
— Аллоҳга шкур яхши Жалол ака. Менинг навбатим нечанчи экан?
Жалол амаки:
— Худо хоҳласа сиз бешинчи бўласиз.
Аҳмад амаки:
— Ин шаа Аллоҳ.
Жалол ака:
— Бугун об-ҳаво яхши эмас. Ёмғир ёғади дейишяпти. Маршрутлаям кам бўлади энди.
Аҳмад амаки:
— Ҳа майли, ёғаверсин. Ёмғир бу ризқ. Бугун мен фурсатдан фойдаланиб кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан.
Жалол ака:
— Аҳмад, Аллоҳ ҳамроҳинг бўлсин.

Орадан анча вақт ўтгач, Фотиманинг дарслари тугади. У йўловчилар билан миниб, «Даманҳур»даги кичик уйига етиб олиш мақсадида, дадаси турган бекат томон йўл олди…

Йўл-йўлакай Фотима дадаси билан суҳбати давомида:
-Дада, эртага 350 жунайҳ олиб боришим керак экан. Баъзи бир китоблар, қон босимни ўлчаш учун тонометр ва оқ халат сотиб олишимиз керак экан.
Аҳмад амаки:
— Эртага олишинг шартми қизим?
— Ҳа дада, профессорлар шундай деб айтишди.
Маблағни қаердан олишни билмай ўйланиб қолган Аҳмад амаки:
— Аллоҳ Ўзи осон қилсин, қизим… етиб келдик. Тушлик қилиб бўлгач, дарсларингни қилгин. Мендан хавотир олма. Бугун кечгача ишлайман.
Фотима хавотир олиб деди:
— Дада, об-ҳавога қаранг яхши эмас. Бугун уйга эртароқ қайта қолинг.
Аҳмад амаки:
— Паноҳида асровчи Аллоҳ, қизим. Ҳавотир олма.

Аҳмад амаки қизини уйида тушириб қолдиргач, яна бекат томон йўловчиларни олиш учун қайтиб кетади.

Даманҳур бекатидан Александрия бекатига қадар борувчи микроавтобуслар сони кам, йўловчилар эса жуда ҳам кўп эди. Аҳмад амаки йўловчиларни ортиб, Александрия бекати томон йўл олди. Об-ҳаво ёмон бўлганлиги боис, у ерда ҳам маршрутлар жуда кам эди.

Шундай қилиб, Аҳмад амаки об-ҳавонинг ёмонлигига қарамай, йўловчиларни асрдан бошлаб то соат тунги иккига қадар ташиди. Охири йўловчиларнинг сони ҳам тугади. Аҳмад амаки 200 жунайҳ тўплаб бўш машинасида Александрия бекатидан қайтаётса, йўлда эгнига оқ кўйлак, қора костюм шим ва бўйинбоғ таққан одам Аҳмад амакининг машинасига қарши чиқиб, икки қўлини кўтариб тўхтата бошлади. Аҳмад амаки тўхтагач, йўловчи деди:
— Илтимос, мени Даманҳургача элтиб қўйинг. Айтган нархингизни бераман.
Аҳмад амаки шошиб деди:
— Тезроқ чиқинг. Кейин нархини келишамиз. Ёмғирда ивиб кетибсизку.

Йўловчи Аҳмад амаки олдидаги ўриндиқдан жой олиб, деди:
— Мени кечиринг, аммо ёнимда пулим йўқ эди. Илтимос, мени уйимгача элтиб қўйинг, кейин уйдан олиб бераман.

Аҳмад амаки унинг башанг кийимига ҳам эътибор қилмади, «қандай қилиб шундай қимматбаҳо кийимларни кийган одамда пул бўлмасин» деб ҳам ўйламади.
Балки:
— Қўйсангизчи ака, қанақа пул? Муҳими Аллоҳ сизни паноҳида асрасин.
Худо хоҳласа уйингизгача элтиб қўяман, аммо Худо ҳаққи бир тийинингизни ҳам олмайман.
Йўловчи Аҳмад амакига хайрон назари билан боқиб, деди:
— Уйга қайтаётганимда, йўлимдан бир нечта безорилар тўхтатиб, машинамни ўғирлаб қочиб кетишди. Ўзимни эса сиз тўхтаган жойда ташлаб кетишди.
Аҳмад амаки ҳайратдан:
— Наҳотки… ундай бўлса милицияга бориб, машинангизни ўғирлаганлари тўғрисида ариза ташлаб келамиз.
Йўловчи деди:
— Аввал уйга бориб, кийимларимни алмаштирай. Аёлим ва фарзандларимга хабар қилиб, кейин милицияга ўтиб келармиз.
Аҳмад амаки:
— Машинани ўғирлашгани муҳим эмас. Муҳими ўзингиз соғ саломат экансиз. Аҳмад амаки шундай деб йўловчига таскинлик бериб келаётганида йўлидан бир қанча йўловчилар чиқиб, машинани қўллари билан тўхтата бошладилар. Аҳмад амаки ёнидаги йўловчига:
— Кечирасиз, тўхтамасам бўлмайди. Худо билсин, уларнинг вазиятлари қандайин экан?

Йўловчилардан бири Аҳмад амакига деди:
— Аллоҳ ҳамрохингиз бўлсин, ака илтимос бизни ўзингиз билан «Кафр ал-даввор»гача ола кетинг. Аёллар ва болалар билан жалада қолиб кетдик.

Аҳмад амаки машинасидан тушиб қараса, курсилар сонига нисбатан йўловчилар сони анчагина кўпроқ экан. Аввал аёл ва болаларни чиқариб, уларга яна қўшимча 3 та курсичалар берди. Сўнгра эркакларга орқадан иккита жой ажратиб берди. Ва машинага миниб «Аллоҳга таваккал қилдим» деб йўлида давом этди.

Аҳмад амаки йўлакай улардан сўради:
— Шундай кунда, кимсасиз жойларда нима қилиб юрибсизлар?
Улардан бири деди:
— Александрия бекатида эдик. Бирорта ҳам машина йўқ эди. Охири биттаси «Аллоҳ жазосини бергур» келиб ҳаммамизни сизга ўхшаб машинасига ортди. Сўнгра йўл кира ҳаққини ўзи 3 жунайҳ бўлса, бизга «ҳар бир йўловчи учун 10 жунайҳдан» деб нарх қўйди. «Нархи ёқмаса чиқмангиз» деб шарт ҳам қўйди. Кўриб турганингиздек об-ҳаво ёмон, жала қуйиб ётибди. Аёллар ва болалар қийналмасин деб мажбур миниб олдик. Йўлни ярмига ҳам етишга улгурмасимиздан машинаси бузилиб қолса бўладими. Эгаси у қилди, бу қилди хуллас тузата олмади. Биз ҳам тушиб, бошқа машина ўтиб қолар деган умид билан турган эдик. Аллоҳ бизга сизни юборди.
Аҳмад амаки ҳафа бўлиб:
— Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ. Нега энди бундай қилади?
Албатта, Роббинг кузатиб тургувчидир. (Фажр 14).
Мана машинаси ҳам бузилиб қолибди. Энди тонгга қадар ёмғирда, кимсасиз ерларда, ёлғиз ўзи қолиб кетди.

Шундай қилиб Аҳмад амаки йўловчиларни «Кафр ал-даввор » бекатига элтиб қўйди ва йўл кира ҳаққини олишдан бош тортиб, деди:
— Сизлардан фақат профессор қизим Фотиманинг ҳаққига дуо қилишингизни сўраб қоламан.

Йўловчилар ҳурсанд бўлиб тушиб кетишгач, Аҳмад амакининг олдида ўтирган йўловчи одам хайрон бўлиб, машина ойнасининг тагида осилиб турган суратчага кўзи тушди ва Аҳмад амакидан сўради:
— Шу қизингиз Фотима профессорнинг суратими?
Аҳмад амаки:
— Ҳа ака, мана шу менинг қизим.
Йўловчи хайрон бўлиб:
— Ҳали жуда ёш эмасми?
Аҳмад амаки:
— Ҳа, у аслида ҳозир Тиббиёт факультетида биринчи курс талабаси.
Сўнгра Аҳмад амаки кўчаларга қўйилган эҳсон сувларидан бирининг олдида тўхтади-да ,тушиб сувидан ичди. Ва яна машинасига миниб, йўлида давом этди.
Йўловчи унга қараб:
— Нимага бу ердан сув ичдингиз, ахир ёнингизда сувингиз бор эдику?!
Аҳмад амаки жавоб берди:
— Бу эҳсон сувини бундан 3 йил аввал аёлимга садақаи жория бўлсин деб қўйдирган эдим. Ҳар сафар ёнидан ўтганимда сувдан ичиб, дуо қилиб кейин кетаман.
Йўловчи Аҳмад амакига эҳтиром назари ила боқиб:
— Аллоҳ раҳмат қилсин, деб қўйди.

Даманҳур шаҳарчасига етиб келишгандан сўнг, йўловчини уйигача элтиб қўйди.
Йўловчи унга:
— Аҳмад ака, Аллоҳ рози бўлсин сиздан. Мени бир озгина шу ерда кутиб туринг. Кийимларимни ўзгартириб чиқаман. Кейин милицияга бирга ўтиб келамиз.
Аҳмад амаки:
— Хоп, мен шу ерда кутаман.
Йўловчи уйига кириб кетгач, орадан бир дақиқа ҳам ўтар-ўтмас ичкаридан «Аҳмад ака қутқаринг, тезроқ келинг» деб қичқириб, Аҳмад амакини ёрдамга чақиради. Аҳмад амаки югуриб бориб:
— Ҳа, нима бўлди? Тинчликми?
Йўловчи қалтираган овозда деди:
— Газ баллони очилиб қолганми билмадим ҳамма ер газ ҳиди, кирсам аёлим ва болаларим ҳушсиз ётишган эмиш. Аҳмад ака, зудлик билан уларни касалхонага олиб боришимиз керак.

Шундай қилиб Аҳмад амаки икки болани, йўловчи эса аёлини кўтариб, тезда машинага ўтиришди ва Даманҳур касалхонаси томон йўл олишиб, аёл ва болаларни қутқариб қолишди.
Йўловчи Аллоҳга кўп кўп ҳамдлар айтиб ташқарига чиқди ва Аҳмад амакига:
— Мен сизга ҳаётим билан қарздорман. Мен бундан кейин ҳамиша сизнинг ҳизматингиздаман, деб чўнтагидан пул чиқарди.
Аҳмад амаки буни инкор этиб деди:
— Аллоҳ ҳаққи сиздан ҳеч нарса олмайман. Машинангиз ўғирланмаган бўлганда ҳам ёки мана бу холатлар содир бўлмаганда ҳам барибир сиздан ҳақ олмаган бўлар эдим. Биласизми нимага?
Йўловчи ҳайратланиб:
— Нима учун, Аҳмад амаки?
Аҳмад амаки деди:
— Мен бу машинамни бундан 20 йил аввал сотиб олган эдим. Раҳматли аёлим жуда жуда ҳурсанд бўлганди ўшанда ва менга:
«Аллоҳ учун ва Роббимиз бизни ҳамиша Ўз паноҳида асраши ва ҳаромни биздан йироқ этиши учун ҳар куни сўнгги йўловчингизни текинга элтиб қўясиз» деганди. Мен «нега энди сўнгги йўловчимни?» деб сўраганимда шундай деб айтган эди «Чунки тун йўловчи учун жуда қийин ва оғир бўлган вақт ҳисобланади» деб айтган эди раҳматли.
Биласизми, баъзи одамлар машинамни кўрганида эскилигидан минишга иккиланиб «бу ҳаттоки бекатдан нарига ўтмайдику» деб айтишар эди. Сизга очиғини айтсам, машинамни олганимдан бери мана 20 йил бўлибдики бир-иккитасини ҳисобга олмасак, ҳали бирон марта жиддий бузилиб, устахонага тузатиш учун олиб борган эмасман.
Йўловчи ҳайратланиб деди:
— Ҳаа, Аҳмад ака, сиз жудаям яхши инсон экансиз. Ҳеч бўлмаса менга исмингизни тўлиғини айтарсиз. Пулимни олишданку бош тортдингиз. Энди ака ука тутинсак, бунга йўқ демассиз.
Аҳмад амаки:
— Ҳудо ҳаққи, албатта бу мен учун шараф бўлган бўлар эди. Исмим Аҳмад Абду ат-Тавваб Исмоил Аҳмад.
Йўловчи табассум билан деди:
— Демак суратдаги қизингизни исми эса Фотима.
Аҳмад амаки
— Ҳа, шундай.
Йўловчи:
— Бошқа фарзандларингиз ҳам борми?
Аҳмад амаки:
— Йўқ ака.
Йўловчи:
— Мана энди қариндош тутиндик Аҳмад ака, сизни ва қизингизни кутамиз. Уйимни қаердалигини билиб олдингиз.
Аҳмад амаки:
— Ин шаа Аллоҳ, аёлиз ва фарзандларингиздан хол аҳвол сўраб, кўргани келамиз.
Йўловчи:
— Албатта кутаман, келинг.

Сўнгра Аҳмад амаки уйига қайтгач, қизи Фотимага бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб беради.
Фотима деди:
— Дада, бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ сизга шунча ризқ ва насиба юборган экан нега «йўқ, керак эмас» деб айтасиз. Яна шунча фурсат бўла туриб, бор йўғи 200 жунайҳли ишлабсиз. Мен бунақада эртага йиқилманку. Мени қабул қилишмайди энди.
Аҳмад амаки:
— Қизим, қулоқ тут менга. Сенга талабалик унвонини берган ва сени мен учун асраб авайлаб келаётган нарса бу «сўнгги йўловчимни тунда Аллоҳ учун элтиб қўйганим бўлади». Бу «ризқим кўп келгани учун фойдаланиб қолишим ўкерак» дегани эмас. Мен буни Аллоҳ учун эҳсон қиламан. Албатта, бу яхшиликларимни Аллоҳ менга икки ҳисса қилиб қайтаргай. Ундан кейин Пайғамбаримиз алайҳи солату ва саллам шундай деб марҳамат қилганлар:
— «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Зулм ҳам қилмайди ва қаровсиз ҳам ташлаб қўймайди. Ким биродарини хожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг хожатида бўлгай. Ким мусулмонни қийинчилигини енгиллатса, Аллоҳ ҳам қиёмат кунида унинг қийинчилигини енгиллатгай. Ким унинг айбини ёпса, Аллоҳ ҳам қиёмат куни унинг айбини ёпгай. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Фотима хато қилганини билгач, ҳадисга саловат келтириб деди:
— Мени кечиринг дада. Аммо мен эртанги кунимдан жуда ҳам қўрқиб кетаяпман. Менинг муваффақиятларимни ва «профессор» деган унвонга сазовор бўлганимни кўриб, қувонишингизни жуда ҳам истар эдим.
— Ин шаа Аллоҳ қизим, Аллоҳ шу кунларга етказсин. Эртага ўқишингга бориб, 200 жунайҳни бергин. Қолганини Аллоҳга топшир.
— Хоп бўлади дада.

Эртаси куни Фотима ўқишига борди. Биринчи пара. Домла дарсни шарҳлаб турганида секретар қиз аудиторияга кириб, изн сўраб деди:
— Орангизда Фотима Аҳмад Абду ат-Тавваб Исмоил Аҳмад борми?
Фотима ўрнидан чўчиб туриб, қалтираган овозда «ҳа менман» деди.
Секретар қиз:
— Мен билан юрсангиз, сизни Декан чақиряпти.

Фотима Деканнинг хонаси томон қўрқиб йўл олар экан, ичида «нега энди Декан мени чақиртирди экан?» дер ва то Декан хонасига етиб боргунга қадар юрагининг гупиллашини эшитиб борар эди.
Хонага киргач Декан сўради:
— Сиз Фотима Аҳмад Абду ат-Тавваб Исмоил Аҳмадмисиз.
Фотима:
— Ҳа менман.
Декан унга табассум қилиб деди:
— Мен биламан, дадангиз Даманҳур бекатида микроавтобус ҳайдовчиси бўлиб ишлайди.
Фотима ҳайрон бўлиб деди:
— Шундай, аммо сиз буни қаердан билдингиз? Отамга бирон нима бўлдими?
Декан деди:
— Йўқ, отангиз яхши. Аммо кеча машинамни ўғирлатиб қўйганимдан сўнг отангизни учратмаганимда эди аёлим ва фарзандларимдан айрилиб қолган бўлар эдим.
Фотима ҳайратда қолиб деди:
— Кеча дадамнинг машинасига минган, аёли ва фарзандлари газ ҳидидан ҳушидан кетган одам сиз эдингизми?
Декан табассум билан:
— Ҳа, мен эдим.
Дадангиз билан бугун уйимизга келингиз. Сизларни кутиб қоламиз.
Фотима қувончи ичига сиғмай «ҳўп бўлади» деб айтди. Фотима Деканга кўп шукрлар айтди. Ва дарсга боришини айтиб изн сўраб хонадан чиқиб кетаётганида Декан чақириб деди:
-Фотима, бир лаҳза.
Фотима:
«Лаббай» деб қаради.
Декан:
— Мана буларни ўзингиз билан ола кетинг, деб столида турган оқ халат, тонометр ва китобларга қараб ишора қилди. Буларни ҳаммасини олинг. Агар яна у бу нарсага эхтиёжингиз бўлса, бемалол отангизга мурожаат қилганингиз каби менга мурожаат қилаверинг.

Фотима жуда ҳижолат бўлиб, китобларни рад этди. Аммо факультет Декани олмаганига қўймади».

Домла аудиторияда ўтирган талабаларга микроавтобус ҳайдовчисининг қизи ҳақидаги қиссани сўзлаб бўлгач, уларга деди:
— Келинглар, энди яқиндан танишиб олсак. Менинг исмим Фотима Аҳмад абду ат-Тавваб Исмоил Аҳмад … микроавтобус ҳайдовчисининг қизи!

✨Кун ҳикмати✨
Бировга яхшилик қилсанг, ҳаққингга дуо қилишини талаб қилма. Балки, ўша амалингни васила қилиб, Аллоҳга юзлан!
«Шунда (Мусо) икковига суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва шундай деди: «Роббим, (даргоҳингдан) мен учун нима яхшилик нозил қилсанг, мен ўшанга муҳтожман» (Қасос сураси, 24-оят).
Мусо алайҳис салом ийманиб, ўзларини оломондан четга тортиб турган икки қизнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Буни ўзларини йигитлик бурчи, деб билдилар. «Сояга қайтди» демак, кун иссиқ экан, у зот бундан аввал ҳам сояда ўлтирган эканлар. Лекин қийналаётган икки аёлни кўриб, ғоятда чарчаган, хориб-толган, очиққан бўлсалар ҳам, туриб бориб, уларга ёрдам бердилар. Сўнг яна соядан жой олдилар. Ёлғиз қолгач «ёлғизнинг ёри худо» деб, яна Роббул Оламийнга илтижо қилдилар).

© Мустафонинг онасини таржимаси
Манба: https://telegram.me/ummu_mustafo
→Maslahatim.uz

53
0
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Микроавтобус ҳайдовчисининг қизи…. (Мисрнинг Александрия номли шаҳарида содир бўлган гўзал воқеа.): 16 комментариев

  • Arofat Abdumalikova
    27/12/2016 в 2:42 пп
    Permalink

    Шундай инсонлар хаетимизда купайсин ва бизга фарзандларимзга ибрат булсин

    Ответ
  • Mirmaqsud Mirafzalov
    27/12/2016 в 3:05 пп
    Permalink

    Masha Alloh juda go’zal hikoya ekan! Tarjimonga Alloh ajrini bersin! Iltimos arabcha matni ham baham ko’ring!

    Ответ
  • Рано Саидмурадова
    27/12/2016 в 3:53 пп
    Permalink

    Мехр-окибат, одамийлик; кимгадир пийсабилло яхшилик килиш калбларимизга кайтсин! Яхшилик, саховатпешалик янада купайсин!

    Ответ
  • Илгор Гафуров
    27/12/2016 в 4:28 пп
    Permalink

    Алхамдулиллах

    Ответ
  • Shahnoza Ahmadaliyeva
    27/12/2016 в 8:06 пп
    Permalink

    Bizdagi o’qituvchilar majburlab sotishgandi kitobini.

    Ответ
  • Мавжуда Ташпулатова
    27/12/2016 в 10:55 пп
    Permalink

    Жудаям чиройли ибратли хикоя экан рахмат сизга

    Ответ
  • Sayfiddinova Mutalibovna
    28/12/2016 в 3:06 пп
    Permalink

    Hikoya judayam mazmunli hozirki kun un ibratli bulibdi. Katta rahmat

    Ответ
  • 28/12/2016 в 10:13 пп
    Permalink

    hikoya judayam qiziqarli va manoli ekan.shunday insonlar borligi uchun biz bormiz.rahmat…

    Ответ
  • 29/12/2016 в 6:22 пп
    Permalink

    Совоб ишларга олохнинг мукофоти. козимга йош кйлд тасрли ёзшбди. Рахмат

    Ответ
  • Sabrina Umarova
    03/01/2017 в 11:23 пп
    Permalink

    davomi menga korinmayapdi,iltimos yozvoring davomini

    Ответ
  • 08/01/2017 в 10:20 дп
    Permalink

    Ko’ngilni yumshatuvchi, mudroq qalblarni uyg’otuvchi g’oyat ajoyib hikoya! Alloh hammamizdan rozi bo’lsin

    Ответ
  • 03/09/2017 в 11:17 дп
    Permalink

    Рахмат!Ибратли,яхшиликга етакловчи хикоя экан. Шундай инсонлар янада купайсин!

    Ответ

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️