Речел Керри! Уни ўлдиришганида 23 ёшда эди. 16 йил аввал… (албатта ўқинг)

16 йил аввал худди бугунгидек Ғазонинг гўдаклари ўлдириларкан, Речел дунёнинг у чеккасидан – Вашингтондан Ғазо халқининг ёнида бўлмоқ учун йўлга чиқди. Фаластинликлар билан унинг на тили айни эди, на дини. Аммо ҳақсизлик қаршисига чиққан инсон учун буларнинг аҳамияти йўқ. Олов қалбли америкалик қиз ҳақсизликлардан изтироб чекаётган, бошига балолар ёғилаётган ғазоликлар билан етти ҳафта яшади. Уларнинг бошига тушаётган мусибатларни ўз кўзлари билан кўрди. Бирга азоб тортди, бирга йиғлади… Онасига юборган сўнгги мактубида шундай ёзган эди:

«Тан оламан, онажон, яна дугоналарим билан илгаригидек ҳазиллашиб, кулишиб, хиёбонларда яйраб юришни истайман. Рақс кечаларига боришни хоҳлайман. Кечқурунлари қорним тўқ, юмшоқ ўринларда хотиржам ухлашни истайман. Лекин қилган ишимдан асло пушаймон эмасман. Мен ҳозир бўлишим керак бўлган жойда ҳозирман. Мен бу ҳақсизликларга чек қўйилиши учун қўлимдан келган ишни қилишим керак… Балки қўлимдан ҳеч нарса келмас, лекин ҳарқалай виждоним олдида юзим ёруғ бўлади. 

Онажон, мен бу ерда кўрган даҳшатларимни айтсам, ҳаётингизнинг қолган қисмини тинч яшаб ўтолмайсиз. Кўзларимга ишонолмаяпман, даҳшатдан кечалари ухлолмаяпман. Дунёмизнинг асл юзи мана шундай эканини ва бу ҳақсизликларга, бу зулмга индамай қараб турган ёки кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олаётган миллиардлаб одамлар борлигини ўйласам, юрагимдаги нафрат, исён бўғзимга тошиб кела бошлайди. Бу зулмни тўхтатолсам қани эди! Она, мени қайтишга мажбурламанг. Фаластиндан қайтганим билан энди аввалги Речел бўлолмайман… 

Қорнини снаряд парчаси ёриб юборган, оғзидан ҳозиргина эмган оппоқ сути аралаш қип-қизил қон келиб, кўзчалари косасидан чиқиб кетган бир ёшли гўдагини қучоқлаб додлаётган онани кўрган Речел… Икки гўдагининг мажақланган жасадини кўриб, ақл-ҳушидан айрилган, бир онда телба бўлиб қолган тенгдошини кўрган Речел… Ўттиз ёшида сочлари изтиробдан оппоқ оқариб кетган йигитларни кўрган Речел… «Художон, мени жаннатга олиб кет. Бу ерда жуда қўрқяпман. Укамни олиб кетдинг-ку! Жаннатга олиб кетсанг, ҳечам тўполон қилмайман, яхши қиз бўлиб юраман», дея қўлчаларини дуога очиб ўтирган митти қизчанинг азобларини кўрган Речел… қандай хотиржам яшай олади?! 

Бу ерга келганим – ҳаётимдаги энг тўғри қарорим бўлди. Онажон, агар зулм биздан бўлса, мен бизлардан эмасман! Менинг сўнгги сўзим шу! Мен бизлардан эмасман!..». 

2003 йилнинг 23 март куни Исроил қуролли кучларига қарашли зирҳли булдозер фаластинлик бир оилани йўқ этмоқ учун илгарилади. Речел булдозернинг йўлига чиқиб туриб олди. Булдозер ичидагилар бироз тараддудда қолишди. Улар исёнкор бу америкалик қизни яхши таниб қолишганди. У ҳар куни Исроил солдатлари турган бўлгага бориб, улар билан юзма-юз даҳанаки жанг қиларди. Баъзи пайтларда оёқларини, тирноқларини ҳам ишга соларди… Унинг Америка фуқароси экани солдатларнинг уни парчалаб ташлашларига тўсқинлик қилиб турарди.

Булдозер ичидан таҳдидли овоз янгради ўша куни:

-Ҳой қиз, қоч йўлдан! Сен америкаликсан. Бу ердан дарҳол уйингга жўна! Бу сени охирги огоҳлантиришимиз! 

-Адашасиз! – деди Речел. – Мен ҳам Ғазонинг бир парчасиман! Қўлингиздан келганини қилинг, мен ҳам қўлимдан келганини қиламан!

У ваҳшат солиб бостириб келаётган булдозернинг рўпарасига чиқиб, тик турди. Шамолда ўйнаётган оловранг сочлари, қарорли боқишлари, довюраклиги, катта қалби, бақувват иймони билан дунёнинг энг гўзал қизи эди ўша тобда у! 

Ўлимга қарши абадий ҳаёт эди.

Ҳақсизликка қарши адолат эди.

Тинчликнинг жонфидоси эди.

Инсонийликнинг тимсоли эди…

Булдозер яна бироз илгарилади. Речел унга қарши яна бир қадам қўйди. Булдозер яна ваҳшат билан илгарилади. Речелни эзди. Эздигина эмас, ярим мажақланган вужуди устида тўхтади… Кейин орқага бироз юрди… Кейин яна олдинга юрди… 

Ғазоликлар тез-тез тилга олишади унинг номини. Ҳануз дуо қилишади. Шерюрак қизнинг жасади қолдиқларини кафтлари билан йиғиб олишган ерга – Ғазо жанубидаги Рафоҳ лагерига бориб дуо қилишади. Унинг фаластинликлар тилида шиорга айланиб кетган сўзларини такрорлашади: 

«Агар зулм биздан бўлса, мен биздан эмасман!»…

© Дилфуза Комил саҳифасидан олинди.

72
2
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Речел Керри! Уни ўлдиришганида 23 ёшда эди. 16 йил аввал… (албатта ўқинг): 3 комментария

  • AbdulAziz Siddiq
    09/08/2016 в 10:31 пп
    Permalink

    Худоим шу кизга Фирдавс жаннатидан каср саройлар ато этсин, омин Аллоху Акбар.

    Ответ
  • 16/08/2016 в 3:06 пп
    Permalink

    Инcонийликнинг хакикий намунаcи!

    Ответ

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️