ТИКУВЧИ ВА НАБИРА…

Тикувчи одатдагидек эрта тонгда тикув хонасига кирди. У узоқни кўрадиган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган ёши улуғ бир инсон эди. Юзидан гўё нур порлар, ҳикмат ила боқиши эса унинг ҳайбатини янада оширарди. Бугун унга набираси ҳам эргашди. У жуда қизиққон эди. Бобосига савол беравериб чарчатиб қўярди. Тикувчи унинг саволларига ҳеч малолланмай, батафсил жавоб берарди. Яна унга турли ҳикоялар, қиссалар ва ҳаётий тажрибаларидан сўзлаб берарди. Тикувчи қайчисини олиб, ўрам-ўрам қилиб тахланган матолардан керагича қирқиб олиш учун яқинлашди. Шунда хаёлига набирасига яна бир нимани ўргатиш фикри келди. Ўрам матодан бир қисмини оҳиста қирқиб олди-да, қайчини ерга улоқтирди. Бола ҳайрат билан бобосига тикилди.

Чунки бу қайчи бобосига устозидан қолган ёдгорлик эканини, бобоси уни қадрлашини биларди. Тикувчи набирасининг кўзидаги ҳайратни пайқаган бўлса ҳам, ўзини сезмагандек тутди. Игнани олиб, янги кийим тика бошлади. Бола эса саволлар қуршовида қолган эди. Шундай бўлса ҳам, савол беришдан ўзини тийди. Чунки бобоси ҳикматсиз иш қилмаслигини биларди.

Бу орада тикувчи ишини томомлаб, игнани бош кийимига суқиб қўйди. Бола кўзлари чақнаб: “Бобожон, нега сиз учун қадрли бўлган, доимо: “Бу қайчи менга устозимдан қолган мерос, буни қалбим билан тутаман, буни ушлаганимда устозимнинг тафтини ҳис қиламан!” – дея эъзозлайдиган қайчингизни ерга улоқтирдингиз-у, арзимаган игнани бош кийимингизга суқиб қўйдингиз!” – деб савол берганини сезмай ҳам қолди. Тикувчи набирасини тиззасига ўтқизди, бошини силаб пешонасидан ўпди.

Табассум билан гап бошлади: “Болагинам, қайчи қанчалик қадрли, қимматли бўлмасин, у катта ўрамларни кичкина матоларга ажратиб ташлайди. Игна эса кичкина, арзимас бўлишига қарамай, шу майда-чуйда матоларнинг орасини бирлаштириб, янги кийимлар ҳосил қилади. Сен ҳаётинг давомида игна каби бўл. Бўлакларни бирлаштир, бутунни ажратма. Инсонлар орасини ислоҳ қил. Улар орасига низо солма. Қалбларига муҳаббат уруғини эк. Инсонларни севишни ўрган. Зеро, яратилган нарсаларни севмаган, Яратувчини севолмайди.

Инсонларга ёндош бўл, елкадош бўл. Кишиларнинг барча муаммоларини ҳал қилолмассан, аммо ғамга чўмган инсон ҳузурингга келса, дардини тингла. Айбдор узр сўраса, узрини қабул қилиб, бағрикенглик кўрсат, ёрдамга муҳтож келса, имконинг борича уни қўлла. Сен заминни гуллар билан тўлдирмасанг ҳам, унга гул экилиши учун тиканлардан тозала. Ўзинг энг ёмон вазиятда бўлсанг ҳам, инсонларга яхшилик улаш. Уларни зулматли жарлардан ёруғликка тортувчи мустаҳкам арқон бўл. Ана шунда инсонлар сени бошларига тож қиладилар!”

Ҳикояни Шаҳзод Рамазонов йўллаган.

«Ҳикоя ва ҳикматлар» саҳифасидан
→Maslahatim.uz

11
0
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

ТИКУВЧИ ВА НАБИРА…: 7 комментариев

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️