ХАЁТ СЎҚМОҚЛАРИ

Қичрама қиш, изғирин, биров кўчага чиқишга бетламайдиган аччиқ қиш эди ўша йили. Нимадир юмуш билан ташқарига чиққан дадам бўғиқ чақалоқ овозини эшитиб қоладилар-да, овоз келган томонга югурадилар. Не кўз билан кўрсинларки, яқинда қудуққа йиқилиб ўлган қўшни аёлнинг чақалоғи ерда, қор устида ётарди. Чақалоқни даст кўтариб, важоҳат билан қўшниникига югурадилар. Сабабини сўрасалар, ўгай она, чарчадим, ухлашга қўймади, керак бўлса, сизлар боқволақолинглар, дейди. Дада эса карахт, кўзлари бир нуқтага тикилганча миқ этмай тураверади.

Ҳилола маҳаллада қўлма-қўл бўлиб, маҳалладаги эмизикли аёлларнинг барини эмиб, кўпгина меҳрибон оналар бағрида катта бўлди. 4-5 яшар бўлиб қолганидан кейин ўгай она Ҳилолага эга чиқди. У тинмай бола қарар, нимжонгина жуссаси билан, мол-ҳолга ем берарди. Ҳа, у бола бўлиб, бирон марта кўчада қувнаб, ўйнаб ўсмади. Доим қўрқиб, ҳадиксираб юрарди. Қўшни аёллар чўмилтириб, кийинтириб қўйишса, ношуд она жанжал кўтариб, бечора қизчани калтаклаб, тепкилаб урарди.

Ҳилола менинг онажонимни ўзига онадай тутарди, онам ҳам уни жуда ардоқлардилар. Доим менга, сизларникига келсам ҳеч кетгим келмайди, қанийди, сизларникида туғилган бўлганимда, деб ўкинарди-да, орқасидан, ҳечқиси йўқ, асосийси, ўлиб қолмасинлар, мен чидолмайман, деб кўзларига ёш оларди. Мен у пайтларда Ҳилолани у қадар англамасдим…

Онажонимнинг умрлари қисқа экан, етимлик таъмини татиш пешонамизга битилган экан. Тан оламан, мен ўшанда Ҳилолачалик куюниб йиғламаганман. Чунки бу дард ҳали менга бегона эди.

Мендан атиги бир ёшгина катта бўлган Ҳилола ўзини менга нисбатан меҳрибон онадай тутарди. Ўзининг сочлари тўзиб ётгани ҳолда менинг сочларимни тараб, ўриб қўярди. Мени шу қадар авайлардики, гоҳида аччиғим ҳам келарди.

Кунлар, ойлар, йиллар бир-бирини қувиб ўтгани сари айрилиқ вужудимда битмас яра ҳосил қилди. Шундай яраки, малҳам йўқ…

Дадам ҳам уйландилар. Қора булут озми-кўпми бизнинг ҳам бошимизда бор экан. Ана шундай оғир кунларимизда Ҳилола иккаламиз бир-биримизга, ҳали катта бўлайлик, эрга тегамиз. Кейин унинг айтганини ҳам, айтмаганини ҳам югуриб-югуриб қилиб, яхшилик қилаверамиз, қилаверамиз. Ана шунда биз ҳам керакли инсонга айланамиз, деб ўзимизни юпатардик.

Роббимга беадад шукрлар бўлсинки, ниятларимиз рўёбга чиқди. Соғиниб, интилиб турадиган оила, бир этак фарзандлар насиб этди. Бахтли онлар ҳар доим нимагадир хотирамга ана шу кунларни етаклаб келади.

Ҳилолани кўрмаганимга роппа роса ўн уч йил бўлибди. Юртимиздаги вазият туфайли кўришолмадик, ҳатто телефонлашолмаймиз. Дугонам интернетни ҳам билмайди, лекин у жойнамозда узоқ ўтиришни, йиғлаб дуо қилишни билади. Унинг дуоларида борлигимни ҳис қилиб яшайман…

Парвардигор, бизларни абадий жаннатларингда бирга қил, бу ўткинчи дунёнинг соғинч деб аталган оғриқларига дош берадиган сабр-бардош ато қил!!!

Жамила Маҳмуд
→Maslahatim.uz

11
0
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️