Оилавий бахтга эришишнинг оддий, синалган усули (воқеа)

Эрта тонг турмуш ўртоғимни ишга кузатгач, тез-тез нарсаларимни йиғдиму уч ёшли ўғлимни олиб, онамникига жўнадим. Онажоним ва дадажоним мени очиқ юз билан кутиб олдилар. Аммо мен уйга кирдиму, онамни қучиб йиғлай бошладим. Бу ҳолатни кўрган дадам қўлимдан набираларини олдилару, бошқа хонага ўтдилар…

«Онажон, мен ортиқ чидай олмайман, ажрашаман куёвингиз билан! Жонимдан тўйиб кетдим, онажон!» — деб, онамни маҳкам қучиб йиғлай бошладим. Онажоним: «Хўп, қизим, хўп, қизалоғим, сен нима десанг биз розимиз. Дадажонинг билан мен доимо сени қўллаб қувватлаймиз. Ўзингни бос, қизалоғим, доим ёнингдамиз» — деб мени овутдиларда, ошхонага олиб ўтдилар.
— Куёвингизнинг қилиқлари жонимга тегди. Ишдан кеч қайтади, доим баҳонаси тайёр. Гоҳида мендан араз қиладилар, мен билан тузук-қуруқ дилдан гаплашмайдилар, мени ёмон кўрадилар. Мен бундай ҳаётда яшай олмайман. Гоҳида менга жаҳл қилиб бақирадилар, тўйиб кетдим онажон…
Онажоним сукут билан бир оғиз гап қўшмай тингладилар. Сўнгра бир оз вақт жим ўтирдилар-да, бир оқ қоғоз ва қалам олиб, қоғозга ўртасидан вертикал қилиб чизиқ чизиб менга узатдилар ва дедилар:
— шу чизиқнинг чап томонига куёвимнинг айбларини бирма-бир ёзиб чиқ.

Мен:

— Нега, онажон? — деб сўрашимга эътибор ҳам бермадилар.
— Ёз, ёз, сен ёзавер…» — дедилар. Мен ҳам бир оз ўйланиб ўтириб, иштиёқ билан қоғозга ёза бошладим.
«Ишдан кеч қайтади. Менга жаҳл қилади. Мен билан гаплашмайди. Менга бақиради» каби феълларини қоғозга ёзар эканман ўйладим:

— Онажоним доим «яхши» дейдиган куёвларининг аҳволини бир кўриб қўйсинлар, бир боплаб ёзай, қоғозлари тўлиб кетсин…

Ёзиб тугатдим-да, онажонимга қоғозни узатдим. Онажоним ёзганларимни ўқиб ҳам кўрмадилард-а, қоғозни ўзимга қайтариб, дедилар:

— Энди ҳар бир ёзган куёвимни ёмон феълининг рўпарасига, чизиқнинг ўнг томонига унинг ўша феълига сенинг ўзинг қиладиган жавобингни ёзиб чиқ» — десалар бўладими?

— Ёз, ёза қол! — мен жавоб ёзмай ҳеч қаёққа кетолмаслигимни англагач амаллаб ёза бошладим.
«Ишдан кеч қайтадилар» нинг рўпарисига – “Кеч келгани учун қовоқ уйиб кутиб оламан;
«Менга жаҳл қиладилар» нинг рўпарисига — «Мен кейин хафа бўламан, овқат тайёрламайман» каби ўзимнинг уларга жавоб ҳисларимни амаллаб қоғозга туширдим.

Онажонимга узатар эканман «Куёвингиз-да, ҳаммасини бошлайдиган!» дедим. Онам қўлимдан қоғозни олдилар-да, қайчи билан ўрта чизиқдан тенг иккига бўлиб қирқдилар. Куёвларининг ёмон феъллари ёзилган бўлагини ғижимлаб, ахлат челагига ташладилар. Менинг қўштирноқ ичидаги «феълларим» туширилган қоғозни ўзимга узатдиларда:

— Қизалоғим, ҳаёт ўйинчоқ эмас, қўлингда ўз қўлларинг билан ёзилган «феълларинг» турибди. Ҳозир кийинасан, набирам биз билан қолади. Қўлингдаги қоғоз билан уйингга борасан. Ўз уйингда ўз феълларингни ўқиб, ҳазм қиласан. Куёвим сенинг қандай феълларингга чидаётганини ўйлайсан. Ақлингни йиғ. Ўшандан кейин ҳам «Йўқ, мен ҳақман!» десанг биз рози, — дедилар-у, менинг қўлимга қоғозни тутқазиб кўчага чиқариб қўйдилар.

Мен нима бўлганини англаб-англамай уйга кириб келдим. Ошхона курсисига омонатгина ўтирдим-да, ўз қўлларим билан ёзган чиройли «феълларим»ни ўқий бошладим. Ўқир эканман, «Наҳот мен шунчалар ёмон аёл бўлсам, наҳот менинг турмуш ўртоғим шунчалик феълимга чидаб яшаётган бўлсалар?!» — дедим.

Мен ўзимнинг шайтонга қулоқ тутган нафсимни деб норасида ўғлимни тирик етим қилишимга, ўзимни эса бебахт қилишимга бир қадам қолганлигини сездим. Хушёр торттим-да, турмуш ўртоғим ишдан келишларига тансиқ овқат тайёрладим. Уйларни гўзаллаштирдим. Турмуш ўртоғим ишдан қайтдилар. Мен юзимда табассум, очиқ чеҳра билан уларни кутиб олдим. Ҳурматларини жойига қўйиб, аёллик мулозаматини қуюқлаштирдим. Хўжайиним ҳайрон, хурсанд эдилар. Ва ниҳоят

— Бугун кун бошқачами? — дедилар. Мен эса уларга шундай дедим:

— Сизни менга тақдир қилиб берган Аллоҳимга ҳамдлар бўлсин. Энди бутун ҳаётимиз бошқача бўлади…

Муаллиф: Номаълум интернетдан олинган.

41
0
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Оилавий бахтга эришишнинг оддий, синалган усули (воқеа): 3 комментария

  • Bahor Uzakova
    10/01/2017 в 10:30 пп
    Permalink

    Onalarimiz baxtimizga sog bolishsin

    Ответ
  • 26/02/2017 в 3:37 дп
    Permalink

    Шундей Акилли,фаросатли оналаримиз купайишсин

    Ответ
  • 02/03/2017 в 12:49 пп
    Permalink

    Judayam tarbiyaviy, ayollarga saboq bo’ladigan voqea

    Ответ

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️