Бу мавсумда касал бўлмай десангиз…

Йилнинг совуқ ойларида турли вируслардан ҳимояланиш мумкинми? Мавсумий шамоллашлардан қочиб- қутулиб бўлмайди, деб ўйласангиз адашасиз. Барчамиз профилактика ҳақида эшитганмиз, аммо негадир уни ўтказмаймиз. Ё бўлмаса биз мўъжизакор деб билган вирусга қарши препаратлар билан организм табиий ҳимоя кучларининг яна ҳам сусайишига сабаб бўламиз. Профилактика эса организм иммунитетини мустаҳкамловчи комплекс чора-тадбирлар демакдир. Айнан шуларни қуйида келтирдик:

1.Тўғри овқатланиш.Бу ҳақда жуда кўп гапирганмиз. Тадқиқотларга кўра – агар инсон кўп ширинлик истеъмол қилса, патоген микроорганизмлар босқинига чидамсиз бўлиб бораркан. Қанд кўп турдаги микроорганизмлар учун энг яхши озуқадир. Ўзида оқсил сақловчи маҳсулотлар(қизил гўшт, парранда гўшти балиқ, сут ва сут маҳсулотлари) эса аксинча – вирусларнинг энг хушламайдиган таомидир. Оқсилга бойлиги бўйича дуккаклилар(мош, ловия, нўхат) гўшт махсулотларидан қолишмайди. Шу билан бирга темир моддаси кўп бўлган маҳсулотлар(гречка, анор, олма) ҳам четда қолмаслиги зарур.

2.Танани иссиқ тутинг, айниқса оёқларни.Агар киши совқотса, бу вируслар учун жуда қулай муҳитдир. Кўчага чиққанда кийимларингиз об-ҳавога мос бўлсин. Оёқ-қўллар, бел ва бошингиз совқотмасин. Белни яхши ёпмайдиган калта курткалар кийишни маслаҳат бермаймиз.

3.Қўлларни доимо ювинг.Биз қўлларимизда ҳисобсиз турдаги микроорганизмларни сақлаймиз, жумладан касаллик тарқатувчиларини ҳам. Эпидемия вақтида қўлларни тез-тез совун билан ювиш лозим. Бироқ бу вируслардан ҳимояланишда ягона чора-тадбир бўлолмайди. Сабаби вирус ҳаво орқали ҳам юқиши мумкин.

4.Бурун ва кўзларни ювамиз.Вируслар организмга кирувчи эшиклар – кўз ва бурун шиллиқ қаватларидир. Кўзлар ва бурунни денгиз тузи солинган аралашма билан тез-тез чайиш организмни куз-қиш мавсумидаги грипп эпидемиясидан ҳимоялаши исботланган. Денгиз тузини дорихоналардан топиш мумкин. Шиллиқ қаватни кунига 2-5 марта, жамоат жойларида бўлганингиздан сўнг чайиш зарур.

5.Шлак ва токсинлардан тозаланамиз.Организмни «ювиш» учун кўпроқ тоза сув ичиш, клечаткага бой таомлар ейиш, дўконлардаги яримтайёр зарарли маҳсулотлардан тийилиш лозим. Улар таркибидаги ароматизаторлар, консервантлар, таъм кучайтиргичлар, стабилизаторлар, маҳсулот узоқ сақланиши учун қўшиладиган кимёвий моддалар – худди секин-аста таъсир қилувчи заҳар каби организмни ўлимга олиб боради.

6.Сайр қилинг. Тоза ҳаво организмни чиниқтиради, об-ҳавога мос кийиниб олсангиз бўлгани: совуқ қотиб қолманг, терлаб ҳам кетманг. Хоналарни ҳар куни 30 дақиқага шамоллатган маъқул, айниқса уйқудан олдин.

7.Контраст душ қабул қиламиз.Танани чиниқтиришда сув ҳароратини аста-секин пасайтириб бориш керак. Бундай муолажа мушакларни мустаҳкамлаб, тананинг табиий ҳимоясини уйғотади.

8.Бадан тарбия қиламиз.Жисмоний машқлар кишини соғломлаштириши барчага маълум. Шунинг учун ҳам доимий равишда спорт билан шуғулланувчи кишилар жуда кам касал бўладилар. Сиз учун бу — шунчаки эрталабки бадан-тарбия бўлиши мумкин.

9.Поливитаминлар қабул қиламиз.Қанчалик соғлом овқатланишга уринмайлик, қиш ойларида танамизга айрим витаминлар етишмайди. Витамин-минерал комплекслар иммун-тақчиллик мавсумида организмга мадад бўлади.

10.Табиий, фойдали ичимликлар ичамиз.Наъматак дамламаси, занжабил, лимон ва асал қўшилган чой ҳамда турли ўтлар дамламаси организм ҳимоя тизимининг ишга тушишига кўмак беради.

11.Иложи борича позитив бўламиз.Стресслар имунитетни туширувчи кучли омилдир. Бирон нимадан қаттиқ сиқилдингиз, вируслар босқинини кутаверинг. Ҳаёт турли ҳодисаларга тўла, ҳар ишнинг яхши тарафини кўриб сиқилиш ўрнига ечим изланг. Кўпроқ табассум қилинг, атрофингиздагиларга дўстона муносабатда бўлинг. Шунда саломатлигингиз ҳам жойида бўлади.

12.Кўпроқ мевалар истеъмол қиламиз.Мевалар – витамин ва минераллар манбаидир. Улар ошқозон микрофлорасини нормаллаштиради. Мавсумий меваларни танлаган маъқул. Экзотик меваларни байрамларга олиб қўйинг. Иммунитетингиз учун эса ватанимизда етиштирилган олма-анор, узум ва хурмолар фойдалидир.

13.Пиёз ҳамда саримсоқпиёзни эътибордан четда қолдирмаймиз.Фитонцидларга бой ушбу маҳсулотлар — табиий антибиотиклардир. Эпидемия вақтида ҳар куни бир дона саримсоқпиёз истеъмол қилиш тавсия этилади.

Биз юқорида санаб ўтган тавсияларни комплекс тарзда бажарсангиз, бу йилги шамоллаш, грипп анча енгил ўтади, балки сизни бутунлай четлаб ўтар.

© Умида Худойназарова тайёрлади.
→Maslahatim.uz

9
0
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️