Биткоин ҳақида! Хўш, биткоин нима? Биткоиннинг қоғоз пулдан қандай фарқи бор? Биткоин қандай оммалашиб кетди? Биткоин молиявий пирамидами? Пуфак қачон портлайди?

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ҳар қандай инсон «биткоин» атамасига албатта дуч келади. Бир дуч келгандаёқ бунинг нима эканлигига қизиқиб қолади. Қизиқмай бўладими? Ахир, «шунга пул тикиб қанча-қанчаси пул тагида қолиб кетяпти», эканмиш. Така бўлса, сут берса. Бунинг тагига етиш керак.
Натаниэл Поппернинг “Рақамли олтин” китоби биткоиннинг келиб чиқиши ва унинг ҳайратланарли равишда ривожланиши ҳақида. Ушбу китобни ўқиб чиқиш асносида умумий хулосаларимни ўртоқлашгим келди.

Хўш, биткоин нима?

Биткоин – рақамли олтин. Ҳаётда олтин қандай бўлса, бу унинг алтернатив электрон варианти. Ҳаётда олтинни топиш қанчалик қийин бўлса, биткоинни қазиб олиш (майнинг) ҳам шунчалик мушкул. Олтин моддий кўринишга эга бўлса, биткоин мураккаб алгоритмлардан ташкил топган рақамли актив ҳисобланади. Уни бошқача криптовалюта (cryptocurrency) деб ҳам аташади. Чунки у криптография (кодлаш) маҳсули.

Биткоинни Сатоши Накамото лақабли бутунлай аноним (махфий) дастурчи (ёки жамоа) яратган. Илк биткоин қазиб олиш (майнинг) 2009 йил 3 январда юз берган. Сатоши кейинчалик дастурнинг базавий кодини электрон почта орқали ўзига ўхшаган криптопанк дастурчиларга «open-source” (дастурга бемалол ўзгартириш киритиш, мукаммаллаштириш имконини бериш) сифатида тарқатиб юборган. Ҳамма ишни бошлашга бошлаб қўйиб, ўзи қайсидир муддатга келиб бутунлай йўқ бўлиб қолган. Ҳалигача бу лақаб остида ким бўлганини ҳеч ким билмайди.

Биткоиннинг қоғоз пулдан қандай фарқи бор?

Фақат моддий тарафдан. Тамом.

Ҳар қандай пул бу оддий қоғоз, холос. Биз ўша қоғозга ўз меҳнатимизни, моддий бойликларимизни айирбошлашга рози бўлганимиз учунгина у пул ҳисобланади. Қисқача қилиб айтганда, биз учун бу нормал ҳолат. Вақтлар давомида шаклланиб келган жараён. Энди ўйлаб кўринг, келажакда ҳар бурчакда ЭҲМ (электрон ҳисоблаш машиналари) босиб кетган даврда нега энди пулни ҳам том маънода рақамли қилиб бўлмас экан? Китобни рақамли ҳолатда ўқияпсиз-ку, ахир. Бундан 30 йил аввал қайсидир одам кейинчалик интернет тармоғи пайдо бўлишини ва дунёнинг у четидан бу четига сониялар ичида ахборот узатиш мумкин бўлишини ақлига сиғдиролмагани сингари биз ҳам бундан 10 йил кейин нима бўлишини умуман тасаввуримизга сиғдиролмаслигимиз мумкин. Криптовалюта яратувчиларининг илк мотивлари ҳам шу бўлган.

Криптовалютани банк ҳисоб рақамларингиздаги пул билан адаштирманг. Уларнинг фарқи нимада?

Ҳозирги ишлатаётган CLICK, PAYME сингари тўлов усулларимиздан келиб чиқиб, «Булар ҳам электрон пул-ку», дейишингиз мумкин. Тўғри, лекин булар банк ҳисоб рақамингиз регистридаги маблағлар, холос. У пуллар фақат банклар томонидан тан олинадиган рақамлар. Сиз ўтирволиб, PAYME воситасида дўстингизга 10 000 сўм юборсангиз, масофадан туриб банкка шундай қилишни буйруқ берган бўласиз. Бу ҳолатда сизнинг буйруғингизга қараб банклараро пул айланмаси юз беради. Криптовалюта мисолида эса, 10 000 биткоинни бировга жўнатсангиз, худди ShareIT’дан бошқа одамга файл жўнатгандек ҳолат юзага келади. Орада ҳеч қандай воситачи йўқ. Икки томонлама олди-берди юзага келади. Бу ерда «piring» усулида алмашинув рўй беради. Буни торрентдан фойдаланадиганлар яхши билади.

Биткоин қандай оммалашиб кетди?

Шахсий таҳлилим натижасида қуйидаги асосий сабабларни ажратиб кўрсатишим мумкин:

1. Бойкот. Зиёли америкаликлар ўз давлатлари дунёнинг бир қанча ҳудудларида турли урушларни молиялаштириб, кўплаб инсонларни қурбон қилаётганлигидан норози бўлади. Ваҳоланки, молиялаштириш манбаси уларнинг ўзлари тўлаётган солиқлар ҳисобланади. Шу сабабли уларга биткоиннинг марказлашмагани жуда ёқиб тушади. Биткоин орқали жўнатиладиган пул ўтказмаларини назорат қилишнинг деярли иложи йўқ. Бу эса уларга солиқдан қочиш имконини беради;

2. Марказлашмаганлик. 2008 йилги жаҳон молиявий инқирози жуда кўп инсонларни уйсиз ва ишсиз қолдирди. Ипотека кредитлари туфайли юзага келган ва бир-бирига занжирдек боғланиб кетган банклардаги молиявий ўйинлар бутун дунё банклари орқали глобал даражага чиқиб кетди. Бу ўз навбатида биткоин таклиф қилаётган ғоянинг одамларга манзур келишига сабаб бўлди. Банкларсиз тўловлар. Ажойиб-а? Қолаверса, инқироздан қутулиш учун АҚШ Федерал Захираси тонналаб доллар босиб чиқарди. Пул эмиссиясининг ошиши инфляция даражасини кўтаришини ҳисобга олсак, бу маълум бир гуруҳ инсонларнинг хатолари эвазига бутун бошли мамлакат азият чекишига олиб келди.

3. Эркинлик. Инсон азал-азалдан эркинлик учун кураш олиб борган. Ким томонидандир назорат қилинаётганини ҳис қилиш инсонга ёқмайди. Биткоин айнан махфийликни таклиф қилади. Бу ҳолатда криптовалюта ўтказмалари блокчейнда ёзилади, аммо ким, қаердан, қандай ўтказма қилаётгани сирлигича қолади. Бу 2011 йилда АҚШда Silk Road (Ипак йўли) номли сайтнинг ривожланиб кетишига сабаб бўлди. Сайт орқали хоҳлаган одам гиёҳванд моддаларни биткоин тўлаб харид қилиши мумкин эди ва сайт фойдаланувчиларига биткоин орқали савдо қилишни таклиф қилди. Бундай эркинлик турли “ҳиппи”ларга мойдек ёқиб тушди ва қайсидир маънода биткоинга реал қиймат берганлар айнан “эркинлик севувчи гиёҳвандлар” бўлди деб хулоса қилса бўлади.

4. Фойда олиш. Шуниси энди биткоин қийматини тоғдек тепага олиб чиқиб, уни хоҳлаган вақтда қулатаётган сабабдир. Биткоин ҳозирда чинакамига машҳурликка чиқишига сабаб айнан шу: фойда олиш мақсадида биткоинга инвестиция қилувчиларнинг кўпайиши. Авваллари Германиядаги «ҳипстер»лар йиғиладиган бар каби жойлардагина ўтадиган тўлов турини кейинчалик кўпчилик фирмалар, савдо шоҳобчалари тан ола бошлади. Биткоин олди-сотдисига турли молиявий муассасалар (банклар, биржалар ва ҳоказо) аралашди. Натижада, унинг қиймати осмонга чиқиб кетди. Пул тикиб мўмай даромад топаман дейдиганлар ҳар бурчакда топилади. Айнан фойда олиш мақсадида биткоинга қизиқиш билдираётганлар биткоиннинг оммалашиб кетишига сабабчи бўлган асосий иштирокчилардир.

Биткоин молиявий пирамидами? Пуфак қачон портлайди?

Йўқ, бу молиявий пирамида дейилмайди. Бу оддийгина талаб ва таклиф қонуни асосида ишлайдиган биржа ўйини. Бугун биткоинга талаб каттами, демак, нарх ошади. Эртага биткоин ҳақида турли миш-мишлар чиқиб, талабгорларнинг ишончи сўнса, нарх тушади. Энг қизиғи, биткоин эгаларининг ўзлари бу трендга сабаб бўлишади. Улар орасида ваҳима кўтарилиб ҳамма сотаман-сотаманга тушиб қолса, нарх ўз-ўзидан пастга шўнғийди. Чунки, таклиф кўпайса, нарх пасаяди.

Нима бўлганда ҳам, айтайлик сиз 20 000$ га биткоин олсангиз-у, эртага нарх шўнғиб 1 000$ га тушиб қолса, «Аҳмадбой пирамидаси» қурбонларидек ҳеч вақосиз қолиб кетасиз, дегани эмас. Каллангизни ишлатиб, молиявий ўйинни ақл билан ўйнасангиз – нарх баландлашини кутасиз. Нарх баландлаб пастлаши табиий. Хуллас, буёғи фақат таваккал, таваккал ва таваккал.

© Сарвар Эркинбаев

_____
Maslahatim.uz телеграм каналига қўшилинг: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAERbNdRw5bZZbS2vSw

9
1
Дўстларингиз билан улашинг:
(!Мақолани бошқа сайтларда ва газета журналларда чоп этишда ёки ижтимои тармоқдаги: каналларга, гуруҳларга ёзиб тарқатишда, муаллиф ва манба кўрсатилиши шарт! Мақоламиз асосида аудио ва видео маҳсулот тайёрлашдан олдин биздан руҳсат олишингиз шарт!)

Добавить комментарий

Рўйҳатдан ўтиш: 

Ваш e-mail не будет опубликован.

САВОЛИНГИЗ БОРМИ? ШУЕРНИ БОСИБ САВОЛИНГИЗНИ ЮБОРИНГ:⬇️