Ассалому алайкум, Сиз Maslahatim.uz сайти орқали маслаҳат сўрашингиз ва маслаҳат беришингиз мумкин!

Toshkent Islom instituti

O’qishga kirish uchun maslahat bering. Ona tili va ma'naviyat fanlaridan tayyorgarlik ko'rishim kerak. Hujjatlarimni Toshkent Islom institutiga topshirmoqchiman. Hozirda uy bekasiman. O’quv markazlari haqida ma’lumot bersangiz.

Abdulqayyum изоҳ берди

Саволни тўғри ва аниқ қилиб ёзинг.

3 та жавоб

Abdusattor жавоб берди 0

Toshkent islom instituti, Imom alBuxoriy nomidagi Toshkent islom instituti — oliy diniy oʻquv yurti. 1969 yil tashkil etilgan. 1971 yil okt.dan faoliyatini boshlagan. Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tasarrufida. Dinlar tarixi va nazariyasini chuqur egallagan, islom dini asoslarini oʻzlashtirgan, arab tilida soʻzlasha oladigan mutaxassislar tayyorlaydi. Darslar oʻzbek va arab tillarida oʻqitiladi. Ingliz, fors va rus tillari ham oʻrgatiladi.
Respublikamiz istiqloliga qadar sobiq Ittifokda yagona oliy islom oʻquv yurti boʻlgan, unda Zakavkazye, Shim. Kavkaz, SSSR ning Yevropa qismi va Sibir, Oʻrta Osiyo va Qozogʻiston musulmonlari diniy idoralari uchun diniy xodimlar tayyorlangan. 2003y.OʻzR Vazirlar Mahkamasi karori bilan institutisitut bitiruvchilariga bakalavr diplomi beriladi.

Абдураҳимов жавоб берди 0

Институтда қандай фанлар ўқитилади?
Тошкент ислом институтида таълим сифатини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида «Диний фанлар», «Тиллар», «Ижтимоий фанлар», “Таҳфизул Қуръон” кафедралари ташкил қилинган. Ўқитувчиларнинг 4 нафари фан доктори, профессорлар, 8 нафари фан номзоди, доцентлар, кўплари хорижий Ислом университетларини тамомлаган.
“Диний фанлар” кафедраси “ҳадис”, “мусталаҳул ҳадис”, “фиқҳ”, “усулул фиқҳ”, “ислом тарихи” (сийрат, хулафолар, мазҳаблар тарихи), “ақоид”, “фароиз”, “хатоба”, “замонавий масалаларнинг фиқҳий асослари” ва “илмий тадқиқотлар олиб бориш методологияси” фанларини ўз таркибига олган. Устозлардан Я.Раззоқов ва С.Примовлар фан доктори илмий даражасини олиш учун илмий ишлар олиб боришмоқда. М.Сайдалиевнинг “Сеҳр ва фолбинликка исломда муносабат”, И.Бегматовнинг “Илм талаб қилиш одоби”, А.Саидаҳмедовнинг “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” ва А.Пардаевнинг “Ақоид дарслиги” номли китоблари нашрдан чиққан.
«Тиллар» кафедраси арaб, инглиз, рус, ўзбек, форс тилларини, балоғат, хаттотлик ҳамда форс қўлёзмаларини ўқиш ва тавсифлаш фанларини ўз таркибига олади.
«Ижтимоий фанлар» кафедраси диний ҳамда дунёвий фанларни уйғунликда ўргатиш, илмий-назарий ёндашиш тамойилларига асосланиб, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлашни мақсад қилган. Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан фалсафа асослари, этика, эстетика, мантиқ, миллий ғоя: асосий тушунча ва тамойиллар, социология, педагогика, психология, маънавият асослари, Ўзбекистон тарихи, информатика ва ахборот технологиялари, жисмоний тарбия ва спорт каби ўқув курсларидан таҳсил берилмоқда.
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси Республикада Қуръони каримни тўлиқ ёдлатишга ихтисослашган ягона билим даргоҳидир. Бу кафедрада талабалар уч йил мобайнида Қуръонни тўлиқ бир сидра ёд олиш имконига эга бўлишади. Кафедра таъсис этилгандан то шу бугунги кунга қадар 285 нафар талаба таҳсил олди. Уларнинг аксарияти Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга мушарраф бўлишди. Кафедрада юртимиздаги олий ўқув даргоҳларни тамомлаш билан бирга хориж давлатлардаги нуфузли олийгоҳларда жумладан, Жабборали Нурматов, Абдуллоҳ Муҳиддинов, Саиджамол Масаитов Саудия Арабистони Мадина унверситетида, Жалолиддин Ҳамроқулов “Азҳар” университетида, Жаҳонгир Неъматов Миср Араб Республикасидаги “Айну Шамс” олийгоҳида ўз илм ва малакаларини ошириб келишган.
Қандай қилиб ўқишга кириш мумкин?
Тошкент Ислом институтига нафақат диний ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчилари, араб тилига ихтисослашган коллеж, лицей ва махсус мактабларни тамомлаганлар, шунингдек мустақил араб тилини ўрганганлар ҳам ҳужжат топширишлари мумкин. Институтда бошланғич диний таълим, бошланғич араб тили ўқитилмайди. Таълим дастури диний ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчилари учун мўлжалланган. Қабул жараёнида ҳужжат топширувчининг араб тили, ижтимоий йўналиш бўйича билимлари суҳбат асосида текширилиб, институт талабига жавоб берсагина қабул қилинади.
Чет тили ва маънавият бўйича ижодий имтиҳон суҳбат асосида, тарих ва она тили ва адабиёт фанларидан Давлат тест маркази стандартлари асосида тест усулида имтиҳон топширилади. Ўтган йили ажратилган 50 та ўрин учун 200 дан ортиқ ҳужжат топширилган. Диний ўрта-махсус таълим муассасалари орасида ўтказиладиган ягона олимпиада ғолиби институтга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси гранти асосида бепул ўқиш имконига эга бўлади. Бошқа талабалар контракт асосида (йилига 3 000 000 сўм) ўқийдилар.
Талабаларнинг 40 фоизи мураттаб қори ва қориялар
«Талабаларимизнинг 40 фоизи мураттаб қори ва қориялардир. Ўзлари “Таҳфизул Қуръон” бўлимида таълим олмаса-да, баъзи гуруҳларимизда барча талабаларнинг мураттаб қори эканликлари бизни қувонтиради. Айни пайтда “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида 49 нафар талаба таълим олаётган бўлса, уларнинг аксарияти Қуръон каримни тўлиқ ёд олишди. Қолганлари ҳам ўқишни битиргунга қадар мураттаб қори бўлиб етишадилар, иншааллоҳ. Уларнинг орасида Республикамиз ва халқаро миқёсдаги қорилар мусобақаларида қатнашган талабалар ҳам бор. Яқинда Кувайт давлатида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида 1-босқич талабамиз Набийиддин Жалилов юртимиз қорилари номидан ҳифз йўналиши бўйича қатнашиб, яхши олқишларга сазовор бўлди. Аввалги йилларда Миср, Саудия Арабистони, Россия давлатларида бўлган қорилар мусобақаларида талабаларимиз иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашган. Рамазон ойида институтимиз талабалари Тошкент шаҳрининг «Ҳазрати имом», «Кўкча», «Новза», «Хўжа Аламбардор», «Алоқа», «Ракат» каби жомеъ масжидларида, вилоятлардаги катта жомеъларда Қуръони каримни хатм қилмоқдалар. Икки талабамиз халқаро хаттотлик мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда», — дейди институт ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев.
Ёруғ зиё манзили
Институтнинг ахборот ресурс марказида 12000 га яқин китоб, 14000 электрон китоб, 100 га яқин қўлёзма ва тошбосма китоблар мавжуд.
Кутубхонада яхши бир анъана бўлиб, институт раҳбарияти, талабалар, меҳмонлар зиё маскани фондини бойитиш учун ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин ва бу хизмат кутубхонанинг ривожланишига ҳисса қўшганлар фахрий китобида қайд этилади. Институт кутубхонасида Қуръони каримнинг қўлёзма нусхасидан тортиб, арабча ва ўзбекча тафсир ва шарҳлари, мўътабар ҳадис тўпламлари ва уларнинг шарҳлари, фиқҳ, ақоид илмига оид манбалар, шунингдек дунёвий фанлар, бадиий адабиётлар, рус ва бошқа тиллардаги китоблар, газета ва журналлар, электрон китоблар, фильм ва аудио дисклар мажмуаси талабалар ихтиёрига берилган.
Кутубхона 1845-1865 йиллари Қўқон хони Худоёрхон даврида қурилган «Намозгоҳ» масжиди тарихий биносида жойлашган. Кенг, ёруғ, салқин хоналарда китобхонлар учун барча зарурий шароитлар яратилган.

Abdulqayyum жавоб берди 90
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (олий маъҳад)га кириш имтиҳонлари қуйидагича: аввало суҳбат сўнгра Ўзбекистон тарихи, маънавият асослари ва чет (араб) тилидан бўлади.

Юқоридаги фанларни ўқитадиган ҳар қандай ўқув марказларида тайёрланиш мумкин (шахсан шуғулланувчи репетиторларга мурожаат қилса ҳам бўлади).

Қолаверса, қабул ҳажми камлиги (аёл-қизлар йилига 10 нафар) сабабли уй бекалари у институтга топширмаса ҳам бўлади. Сабаби ёш, миллатга хизмат қила олиш имконияти кенг бўлган аёл-қизлар ўқиса мақсадга мувофиқ бўлур эрди.

Сизнинг жавобингиз

Жавобни шошилмасдан, тўғри ва имло хатоларсиз ёзишга ҳаракат қилинг, кириллча ёзсангиз "қ" "ҳ" "ғ" "ў" ҳарфлари билан ёзинг ёки вергул билан ажратиб ёзинг, лотинча ёзсангиз, "sh"ни "w" қилиб ёзманг илтимос!!!
Махфийлик шарти: Сизнинг электрон манзилингиздан фақат билдиришномалар юбориш мақсадида фойдаланилади.

Келгусида бундай текширувдан ўтмаслик учун, илтимос, киринг ёки рўйхатдан ўтинг.
...

Сиз ушбу бўлимда сизни қийнаётган ва қизиқтираётган саволларни бериб жавоб олинг, ва берилган саволарга маслаҳатлар бериб, савол берувчининг мушкулини осон қилинг.
Сайтга фойдаланувчи томонидан қўшилган ёлғон ёки инсон онгига салбий таъсир ўтказадиган маълумотлар, қолдирилган фикрлар ва изоҳларга жавобгарликни сайт маъмурияти ўз зиммасига олмайди.