Ассалому алайкум, Сиз Maslahatim.uz сайти орқали маслаҳат сўрашингиз ва маслаҳат беришингиз мумкин!

Saratonni davolash mumkinmi

Tovush pardasi saratoni va bo’yin limfa tugunlariga metastaz bergan (tarqagan) holatda davo bormi. Shahar onkologiya dispanserida ro’yxatda turamiz.

4 та жавоб

Саратонни фақат эрта аниқлаб даволаш мумкин
Муштарийларнинг онкологик касалликлар ҳақидаги саволларига Республика онкология илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саримбек НАВРЎЗОВ жавоб берди.
1. Дилфуза, Тошкент шаҳри:
— Онам 55 ёшда. Бир йил олдин қалқонсимон безининг ёнига тугунча тушгани компьютер томографиясида аниқланди. Аммо УЗИда бу кўринмади. Сўнг биопсия усулида аниқланди. Бу безни яна қандай аниқлаш, даволаш усуллари мавжуд?
— Бундай ҳолатларда қалқонсимон безни қайта ультратовуш ва сцинтиграфия текширувидан ўтказиш, бош-бўйин соҳаси онкологик маслаҳатини олиш керак. Бу онкология муассасаларида ёки Эндокринология илмий марказида ўтказилади. Ўсма аниқланган тақдирда, ундан биопсия олиниб, натижага қараб кейинги даво услуби танланади.
2. Исмоил, Хоразм вилояти:
— 2012 йилда қишлоғимизда 12 кишига саратон ташхиси қўйилиб, вафот этган. Бу миқдор кейинги йилларда ҳам камаймади. Нима учун бу касалликка чалинганлар сони ошиб боряпти? Бу касалликнинг туб илдизи нима ўзи?
— Мамлакатимиз аҳолиси йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Дунёда экология ўзгариб, сифатсиз озиқ-овқатлар истеъмоли ортиши ва зарарли одатлар (кашандалик, ичкиликбозлик) кўпайиши каби омиллар инсон организмига канцероген — ўсма келтириб чиқарувчи моддалар таъсирининг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу билан онкологик касалликларни аниқлаш сифати ҳам юксаляпти. Кимнингдир танасида ўзи билмаган ҳолда шу касаллик яшаётган бўлса, аниқланяпти ва саратонга чалинганлар сони маълум даражада ортмоқда.
3. Ойдин РАЖАББОЕВА, Хатирчи тумани:
— Ёшим 42 да. Охирги туғуруқ ўн йил олдин бўлган. Ҳозир ўнг кўкрагимда сурункали оғриқ туради. Шифокор онкологияга йўлланма берди. Онколог шифокор эса ҳеч қандай хавф-хатар йўқлигини айтди. Оғриқ эса кучаймоқда. Бу нимадан бўлиши мумкин? Қаерга мурожаат қилишим керак?
— Сизни безовта қилаётган шикоятлар масталгия деб номланади. Кўпчилик ҳолатларда масталгия тухумдонларнинг сурункали касалликлари билан боғлиқ бўлади. Бу ҳолатда сут бези, кичик чаноқ аъзолари ва қалқонсимон без ультратовуш текширувидан ўтказиш, эндокринолог, гинеколог маслаҳати тавсия қилинади. Махсус дори воситалари билан даволангач, ушбу шикоятлардан фориғ бўлиш мумкин. Мунтазам маммолог кўригидан ўтиб туришни тавсия этаман.
4. Зуҳра ЭШМУРОДОВА, Чироқчи тумани:
— Онкология марказида ташхис қўйиш ва даволашда кимларга қандай имтиёзлар мавжуд?
— Ўзбекистон Республикаси фуқароларига онкологик текширув, малакали тиббий хизмат кўрсатиш ва даволаш бепул. Шу жумладан онкологик муассасаларда ва онкология илмий марказида ҳам ушбу касаллик билан оғриган беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
5. Шавкат РЎЗИЕВ, Питнак шаҳри:
— Отам 65 ёшда. Унга 2-даражали ўпка саратони ташхиси қўйишди. Бир ой аввал шифокор кўригига борганимизда оддий шамоллаш, деб дорилар ёзиб беришди. Шамоллашга қарши олинган баъзи даво усуллари, масалан натрий хлорид ўсманинг тезроқ ривожланишига сабаб бўларкан. Шу тўғрими?
— Бу нотўғри. Натрий хлорид эритмалари онкологик касаллик чақириши аниқланмаган.

6.Навбаҳор ҚУРЁЗОВА, Андижон вилояти: — Ёшим 36 да. Олдин бачадондаги яллиғланишга қарши даволанганман. Ҳозир шифокор кўригига борсам, бачадонда саратон бошланганини, уни олиб ташлаш зарурлигини айтяпти. Бачадонимни олиб ташлашса, бу бошқа аъзоларимга қандай таъсир кўрсатади? — Бачадонни кўрсатма бўлмаса, олиб ташлаш мумкин эмас. Саратон ташхиси қўйиш учун бачадондан қирма (биопсия) олиш, ташхисни аниқлаштириш, сўнгра даво режасини тузиш керак. Бунинг учун вилоят онкологик диспансерига мурожаат қилиш, у ерда чуқурлаштирилган текширувлардан ва онкогинеколог кўригидан ўтиш керак.
7. Сардор, Тошкент шаҳри: — Қўшнимиз тўсатдан вафот этди. Кейин аниқланишича, бир ҳафта олдин шифокор мия саратони ташхисини қўйган экан. Аммо қўшнимнинг ташқи кўринишида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Бу касаллик билан оғриганда ташқи аломатларни нимада кўриш мумкин? — Албатта, инсон хасталикларининг ҳаммасида ҳам ташқи кўринишда ўзгариш бўлавермайди. Шу жумладан бош мия ўсмаларида ҳам баъзида ташқи кўринишда ўзгариш кузатилмайди. Бу ўсма миянинг қайси қисмида жойлашганига боғлиқ. Баъзида ўсма яширин ўсиши ва ҳаёт учун зарур марказларга таъсир қилганида тўсатдан белги бериши мумкин. Одатда, бу ўсмалар бош оғриши ва айланиши, кўриш, эшитиш, мувозанат каби фаолиятнинг бузилиши, тутқаноқ хуружи, оёқ-қўлларда сезги ва ҳаракатнинг маълум даражада бузилиши каби белгилар билан намоён бўлади.
8. Сирожиддин РУСТАМОВ, Оққўрғон тумани: — Саратон билан касалланиш умр тугади, деганими? Бу хасталикнинг давоси борми? — Албатта, саратон даволанувчи касалликдир. Ушбу касалликлар қанча эрта босқичларда аниқланса, ундан тўла тузалиш эҳтимоли юқори бўлади. Айниқса, касалликнинг эрта — илк ва иккинчи бос­қичларида юз фоиз дарддан фориғ бўлиш мумкин. Касалликнинг кечки, асоратланган ва тар­қалган турларида эса ундан тузалиш эҳтимоли кам. Шу сабабдан ўсма касалликлари билан курашишнинг энг самарали усули – унинг олдини олиш ва эрта бос­қичларда аниқлашдир. Онкологик касалликлардан фориғ бўлишнинг яна бир энг муҳим шарти ихтисослашган онкологик муассасада, малакали онколог шифокор томонидан, замонавий тиббиётнинг даво усуллари ёрдамида даволанишдир.
9. Шоҳида АБДУСАЛОМОВА, Жиззах вилояти: — Онам саримсоқпиёз саратоннинг илдизини қирқади, деб уни кўпроқ истеъмол қилишга ундарди. Ўзи ҳам кўп истеъмол қиларди. Аммо онамнинг ўзи шу касаллик билан дунёдан кўз юмди. Саримсоқпиёзнинг ҳақиқатдан ҳам касалликка қарши курашувчи хусусияти борми? — Инсон истеъмол қилиши мумкин бўлган табиатда мавжуд барча мева, сабзавот, қўйингки, барча маҳсулотни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш – инсон соғлиғи учун зарар. Шу жумладан саримсоқпиёзни ҳам. Меъёридан ортиқ ­кимёвий ўғитлар билан ишлов берилмаган, экологик тоза муҳитда етиштирилган ва барра сабзавот-меваларни кундалик рационда ва меъёрида истеъмол қилиш соғлиқ учун фойдалидир. Саратон касаллигининг олдини олиш чораларидан бири ҳам соғ­лом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини кечиришдир. Айнан саримсоқпиёзни саратон касаллигининг олдини олувчи ёки даволовчи восита сифатида кенг қўллашни тавсия қилмаймиз.
10. Оқила НАЗАРОВА, Фарғона вилояти: — Саратонга чалинганда касаллик авжини қирқиш учун шифокорлар кимё терапия буюради. Аммо айримлар бундан кўра халқ табобатига мурожаат қилиб, табиблар тайёрлаган дориларни ҳам ичишмоқда. Бу қанчалик тўғри? — Кимё терапия схемалари кўпминглаб беморларда ўтказилган тадқиқотлар асосида ишлаб чиқилади. Ҳар бир хавфли ўсмага самарали таъсир қилувчи препаратлардан иборат кимё терапия схемалари мавжуд. Бундай даво усулида ўсманинг гистологик хусусиятлари, дориларга сезувчанлик ҳисобга олинади. Табибларда турли асосланмаган ва синалмаган гиёҳлар билан даволаниш оқибатида, касаллик тарқалиб, кейинги босқичларга ўтиб кетиши кузатилади. Шу сабабдан ўсма касалликлари билан оғриган беморлар фақат ихтисослашган онкологик муассасада, малакали онкологда даволаниши зарур.

11.Ибодулла, Янгибозор тумани:
— Акам 24 ёшида ўпка саратонига чалинди. Касаллик 2-даражага етганда аниқланди. Шифокорлар кимё терапия буюрди. Айтганини қилдик, аммо фойда бермади, вафот этди. Касалликнинг охири ўлим бўлса, кимё терапиянинг нима кераги бор?
— Кимё терапия ўпка саратонининг гистологик турига қараб турли схемаларда қўлланилади, шу жумладан касалликнинг иккинчи босқичида ҳам. Ўтказилган даво самарадорлиги ўсма ҳужайраларининг кимё препаратларига сезгирлигига боғлиқ. Ушбу касалликни самарали даволаш учун кимё ва нур терапия жарроҳлик усули билан биргаликда комплекс ва комбинирланган равишда қўлланилади. Ўпка саратонига ихтисослашган онкологик муассасада даволангандагина самарали натижага эришиш мумкин.
12. Гулсара опа, Янгибозор тумани:
— 51 ёшдаман. Ошқозоним сабаб шифокор кўригига бордим. Саратон ташхисини қўйди. Учинчи даража. Кимё терапия қилиш кераклигини айтяпти. Бу фойда берадими?
— Меъда саратонининг III босқичида бугунги кунда дунё онкологлари ва ўзимизнинг тажрибамизга асосан операциядан олдин кимё терапия ўтказилади. Бу ўсманинг рецидиви, яъни қайталаниш эҳтимоллигини камайтириб, беморлар умрини узайтиради.
13. Мансур РЎЗИЕВ, Андижон вилояти:
— Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва сайтлар орқали оққон билан касалланган гўдакларнинг даволаниши учун ёрдам сўраб мурожаат қилишлар кўпаймоқда. Республикамизда бу касаллик билан оғриган болаларга давлат томонидан қандай ёрдам кўрсатилади?
— «Оққон» касаллиги дея халқ орасида номланувчи касалликларнинг илмий номи – лейкозлар. Бу касалликлар инсон қон яратувчи аъзолари касалликлари бўлиб, гемобластозлар гуруҳига киради. Уларни ташхислаш, даволаш ва кузатиш ишларини республикамизнинг гематология тизими амалга оширади. Ушбу тизимнинг бош муассасаси Республика гематология ва қон қуйиш илмий-амалий марказидир. Бу касалликларни ташхислаш ва даволаш ишлари ҳам давлат бюджетидан бепул амалга оширилади.
14. Гулмира ДУРДИЕВА, Навоий вилояти:
— Ёшим 46 да. Икки йил олдин бўйним ва елкамга бўртма холлар пайдо бўлди. Секин-секин катталаша бошлади. Шифокорга кўринсам, онкология марказига йўлланма берди. Онколог хавф­ли эмас, куйдириб йўқ қилиб юборамиз, деяпти. Бу хавфли эмасми?
— Бу ҳолатда вилоят онкология диспансерлари ёки онкология илмий марказида малакали текшириш ўтказилади, ўсмадан биопсия олиниб, унинг гистологик хусусияти ўрганилади. Хавфли ўсма касаллиги инкор қилиниб, коагуляция ёки криодеструкция муолажалари ёрдамида даволашни малакали онколог тавсия қилган бўлса, ижобий натижага эришиш мумкин.
15. Ҳуснулло ЖОМОНҚУЛОВ, Самарқанд вилояти:
— Эшитишимизча, саратон касаллиги бошланишида ҳеч қандай оғриқ бермас экан. Тана оғримаса ҳам онкология марказига бориб кўрикдан ўтса бўладими? Бу қандай тартибда бўлади?
— Ҳақиқатдан хам аксарият ҳолатларда онкологик касалликлар эрта босқичларда белгиларсиз кечади. Шу сабабдан ҳам улар кўпинча профилактик кўриклар вақтида аниқланади. Ҳар бир инсон йилига икки маротаба турар-жой поликлиникаси шароитида профилактик кўрикдан ўтиб туриши тавсия қилинади. Ультратовуш, рентген текширишда ёки мутахассис кўригида онкологик касалликка гумон бўлган тақдирда онкологик муассасага, шу жумладан онкология илмий марказига йўланма берилади. Бу ерда чуқурлаштирилган теширувдан ўтказилади.
16. Рахшона, 27 ёш, Сурхондарё вилояти:
— Дугонамга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилганди. Унга кўкрагингни олиб ташлаш керак, бу операция фақат хорижий мамлакатларда сифатли ўтказилади, дейишган. Дугонам, оиласи ва бошқа яқинлари ниҳоятда тушкунликка тушиб қолдик. Бироқ Республика онкология марказида қайта-қайта текширувлардан сўнг бу саратон эмаслиги аниқланди. Ҳозир дугонамнинг аҳволи яхши. Марказнинг вилоят бўлимларидаги мутахассислар малакасидан кўнглингиз тўладими? Кўкрак бези саратони фақат хорижда даволанадими?
— Республикамизда фаолият юритаётган онкологлар мунтазам равишда онкология илмий маркази ва врачлар малакасини ошириш институтида малака ошириб келишади. Бундан ташқари, марказимиз етакчи мутахассислари нафақат вилоятлардаги онкологлар, балки умумий амалиёт шифокорлар ва бошқа соҳа шифокорлари ўртасида ҳам онкологик эҳтиёткорликни ошириш бўйича маърузалар, маҳорат дарслари ўтказиб келади.
Сут бези саратонини ташхислаш ва даволаш ишлари, шу жумладан барча турдаги жарроҳлик амалиётлари республикамиз барча онкологик муассасаларида самарали ва тўлақонли, жаҳон стандартлари даражасида, юқори савияда бажарилади. Ушбу касалликни даволаш учун чет элдаги даволаш муассасаларига мурожаат қилиш шарт эмас.

Sherzod жавоб берди 0

Bir tabib bor yunusobod 17-12-42 turalla mashkura xola ancha odam shifo topkan

Сизнинг жавобингиз

Жавобни шошилмасдан, тўғри ва имло хатоларсиз ёзишга ҳаракат қилинг, кириллча ёзсангиз "қ" "ҳ" "ғ" "ў" ҳарфлари билан ёзинг ёки вергул билан ажратиб ёзинг, лотинча ёзсангиз, "sh"ни "w" қилиб ёзманг илтимос!!!
Махфийлик шарти: Сизнинг электрон манзилингиздан фақат билдиришномалар юбориш мақсадида фойдаланилади.

Келгусида бундай текширувдан ўтмаслик учун, илтимос, киринг ёки рўйхатдан ўтинг.
...

Сиз ушбу бўлимда сизни қийнаётган ва қизиқтираётган саволларни бериб жавоб олинг, ва берилган саволарга маслаҳатлар бериб, савол берувчининг мушкулини осон қилинг.
Сайтга фойдаланувчи томонидан қўшилган ёлғон ёки инсон онгига салбий таъсир ўтказадиган маълумотлар, қолдирилган фикрлар ва изоҳларга жавобгарликни сайт маъмурияти ўз зиммасига олмайди.