Ассалому алайкум, Сиз Maslahatim.uz сайти орқали маслаҳат сўрашингиз ва маслаҳат беришингиз мумкин!

Badanimda dog'lar

Badanimda ya’ni ikki qo’limni yelka qismida va bel qismida oq va qizil dog’lar paydo bo’ldi uni qanday davolash mumkin?

2 та жавоб

Улуғбек СОБИРОВ, жавоб берди 0

Оқ доғлар ҳақида сабоқлар
Халқ орасида «пес» дея номланадиган витилиго касаллиги қадим замонлардан бери инсониятга маълум бўлса-да, унинг давоси ҳали-ҳануз сирлилигича қолаётган хасталиклардан бири. Терида оқ доғларнинг пайдо бўлиб, кўпайиб бориши билан характерланадиган ушбу касаллик инсон саломатлигидан кўра кўпроқ унинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатади. Келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлгани боис уни даволаш ҳам қийин саналади. Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий марказида амалга оширилаётган меланоцитар трансплантация муолажаси кўплаб ҳамюртларимизни бу хасталикдан фориғ қилиб, нормал ҳаёт тарзига қайтишларига ёрдам бермоқда.
Витилиго, яъни оқ доғлар бедаво касалликлар сирасига кирмайди. Кўпчилик бу касаллик ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмагани боис уни юқумли ва насл сурувчи касаллик деб ҳам ҳисоблайди. Шу сабабдан ҳам унга мубтало бўлганлар ўзларини жамиятдан айридек ҳис этишади. Ҳатто беморлар орасида тенгим деб худди шундай касалликка учраганлар билан оила қурадиганлар ҳам бор экан. Бундай беморлар руҳан сиқилганликлари боис ҳам касаллик кўпайиб бораверади. Натижада у бедаво деган тушунча юзага келади. Аслида эса витилигони 70-80 фоиз ҳолатда даволаш, оқ доғлар кўпайишини тўхтатиш мумкин.
Касаллик асосан икки хил усул ёрдамида даволанади. Биринчиси, терапевтик консерватив усулда дори-дармонлар, турли физиотерапевтик муолажалар қўлланилади. Лекин улар ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермаслиги мумкин. Масалан, йиллар мобайнида муолажалар қилиб, инъекция, таблеткалар қабул қилиш натижасида оқ доғ чегараланиб, кўпайишдан тўхтайди-ю, аммо ёпилмайди, муаллақ тураверади. Мана шундай ҳолатда меланоцитар трансплантация амалиёти қўлланади. Бунда камида 6 ой мобайнида оқ доғлар кўпаймаган, катталашмаган бўлиши керак. Оқ доғлар кўпайиб бораётган пайтда бу жарроҳлик усулидан фойдаланиш мумкин эмас. Негаки, кўчириб ўтказилган ҳужайралар яшаб кетмаслиги мумкин.
Масалан, дейлик, оқ доғ 10 см квадратни ташкил этса, биз асосан тананинг сон қисми терисидан, яъни терининг энг устки қавати – эпидермисидан 1 см квадрат оламиз-да, юқори технологик усуллар, замонавий асбоб-ускунлар ёрдамидан ундан меланоцит ҳужайраларни ажратиб оламиз ва уларни оқ доғ соҳасига кўчириб ўтказамиз.
Айтиш керакки, эпидермис олинган соҳада ҳеч қандай чандиқ қолмайди. Чунки, терининг энг устки юпқа қавати олинади. Тери яна ўз ҳолатига қайтади. Тўғри, сал тўқроқ рангга кириб қолиши мумкин.
Муолажа давомийлиги ҳаммада ҳар хил кечади. Оқ доғнинг катта-кичиклигига қараб муолажа бир соатдан уч соатгача чўзилиши мумкин. Бу тери трансплантациясига ўхшаш муолажа эмас.
Биз терини кўчириб ўтказмаймиз. Чунки, тери трансплантация қилинган вақтда оқ доғ соҳаси 10 см бўлса, сон соҳасидан камида 5 см тери олиниши ва у зарарланган ерга тортиб-тортиб тикилиши керак бўлади. Бунда тери олинган соҳада ҳам, кўчириб ўтказилган соҳада ҳам чандиқ излари қолиши мумкин. Меланоцитар трансплантация замонавий усуллардан бири. Унда фақат ҳужайралар олиниб, оқ доғ соҳасига ўтказилади. Ҳужайраларни кўз билан кўриб бўлмайди. Шу боис ҳам олинган жойда ҳам, ўтказилган соҳада ҳам уларнинг ўрни билинмайди.
Жарроҳлик йўли билан тери кўчириб ўтказилса оқ доғлар яна чиқиб келавериши мумкин. Буни инкор эта олмайман. Чунки, бу касалликнинг ҳаммага бир хилда наф берадиган аниқ бир даво чораси йўқ. Трансплантация ўтказилди дегани бемор, витилигодан тузалди, дегани эмас. Шифокор-дерматолог тавсияларига тўла амал қилмаганлар, носоғлом турмуш тарзи кечиришда давом этганлар, саломатлигига беэътибор бўлганларда касаллик яна ривожланиб кетиши мумкин. Трансплантация кўпроқ косметологик самара беради. Гарчи бу муолажа марказимизда жорий этилганига кўп бўлмаган бўлса-да, қисқа вақт ичида оммалашиб улгурди. Авваллари терапевтик муолажалар самара бермаган беморларда оқ доғлар ёпилмасдан қоларди. Бугун бу тиббий услуб ёрдамида ҳатто юздаги, қовоқлардаги, қўллардаги ва тананинг исталган еридаги доғларни ёпишга муваффақ бўлаяпмиз.
Хасталик Қандай пайдо бЎлади?
Тери ранги унинг таркибидаги 4 та пигмент ҳолатига боғлиқ бўлади: кўк дезоксигемоглобин, қизил оксигемоглобин, сариқ каротин, жигарранг меланин. Уларнинг орасида меланин пигменти муҳим роль ўйнайди. Турли ирқлар (қора, сариқ, оқ) терисининг ранги айнан меланиннинг теридаги миқдори ва тарқалиши билан белгиланади. Витилиго касаллигида мана шу меланин пигменти нобуд бўлади. Шу соҳада оқ доғлар пайдо бўлади. Бу ерда доғнинг қандай пайдо бўлиши ҳақида гап кетмоқда. Лекин бу ҳолнинг вужудга келишига аниқ нима сабаб бўлиши тиббиётга номаълум. Стресс (руҳий зўриқиш), сиқилиш, қаттиқ қўрқув, депрессия (тушкунлик) нотўғри овқатланиш, иммунитетнинг тушиб кетиши ва турли гижжаларнинг организмда яшаши каби омиллар сабаб касаллик тўсатдан бошланиб кетиши мумкин. Айрим ҳолларда доғлар пайдо бўлишидан олдин қичишиб, қипиқлашиш кузатилади. Оқ доғлар саратонни келтириб чиқармайди.
Витилигога чалинганлар учун махсус парҳез ишлаб чиқилмаган. Беморлар учун мол гўшти, жигари, балиқ, банан, ерёнғоқ, бодом, ловия, қўнғир гуруч, гречка, хурмо жуда фойдали ҳисобланади. Бу маҳсулотлар тери пигментациясини яхшиловчи тирозин ва триптофан моддаларига жуда бой. Бундан ташқари, қизил ва сабзи ранг сабзавот ва мевалар, сут-қатиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш тавсия этилади. Хаста кишилар қовурилган, ёғли, аччиқ, дудланган егуликлар, газланган, айниқса, спиртли ичимликлар, тамаки чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишдан қатъий воз кечиши керак бўлади. Витилигода халқ табобати усуллари ёрдам бермайди. Доғларни кесиш, куйдириш мумкин эмас. Шу кунгача витилигонинг организмнинг бошқа аъзоларига таъсир қилишига доир кўплаб текширувлар ўтказдик. Касаллик кечаётган пайтда ички аъзоларда ўзгаришлар бўлиши мумкин, лекин уларнинг айнан шу касалликка боғлиқ экани исботланмаган.
Касаллик ўз вақтида даволанмаса кўпайиб кетиб, бутун танани эгаллаши мумкин. Зарарланган жойлар оғримайди. Пес касаллиги ҳар қандай ёшда келиб чиқиши мумкин. Ҳатто, болаларда ҳам учрайди. Бўлажак онанинг ҳомиладорлик пайтида витаминлар етишмаса, эндокрин ўзгаришлар рўй берса, хасталик келиб чиқиши мумкин. Ҳомиладор онадан болага касаллик ўтиш-ўтмаслиги ҳам маълум эмас. Эркак ва аёлларда витилиго бир хил учрайди.
Ҳақиқатан витилиго касаллиги эканлигини фақат дерматолог аниқлай олади.
Доғларнинг кўпайиб, катталашиб кетишига кучли стресс (руҳий зўриқиш), асабийлашиш, доимий равишда нотўғри овқатланиш сабаб бўлади ва касалликни тез ривожлантириб юборади. Ҳамма беморларда ҳам оқ доғлар кўпайиб ва катталашиб кетмайди. Касаллик айрим ҳолатларда ўз-ўзидан йўқолиб кетиши мумкин. Кўпинча бошдаги оқ доғларни беморлар билишмайди. Доғ пайдо бўлган жойда соч оқариши кузатилади. Соч толаси битта-иккита бўлиб эмас, тутам-тутам бўлиб оқаради. Бемор сочини олдириб ташласа, бош териси оқарган бўлади.
Организмни ташқи томондан қоплаб турувчи тери ўзига хос саломатлик кўзгуси ҳисобланади. У инсон саломатлиги тўғрисида «сўзлаб» туради. Инсон терисига тошма тошиши, доғ тушиши сингари ўзгаришлар моддалар алмашинувининг бузилгани, витаминлар етишмовчилиги, асабийлашиш, нотўғри ов­қатланиш, носоғлом турмуш тарзи туфайли пайдо бўлади. Ўзгаришлар пайдо бўлиши билан дарҳол шифокор-дерматологга мурожаат этинг. Ўз вақтида мутахассис назоратида бўлган беморлар соғайиб кетиши мумкин.
Улуғбек СОБИРОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор,
Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий маркази директори

Bahrom изоҳ берди

Bu dog’lar gohida yo’qolib yana paydo bo’ladi avval qizil dog’ga Lorinden-A mazini qo’ysam yaxshi bo’ladi lekin oq dog’ga ta’sir qilmayapti. Shu yili kuz oyida badanimni quyoshga kuydirdim,bir qavat teri tushdiyu bu oq dog’lar paydo bo’ldi. Shunga qanday maslahat berasiz?
Abbosbek жавоб берди 0

Shifokorga murojat qiling. Menimcha siz aytayotgan kasallik temiratki bo’lsa kerak, men ham xozir shundan davolanayapman. Qipiqli temiratki haqida ma’lumot tib.islom.uz/kasalliklar/teri-kasal/931-maqola.html

Сизнинг жавобингиз

Жавобни шошилмасдан, тўғри ва имло хатоларсиз ёзишга ҳаракат қилинг, кириллча ёзсангиз "қ" "ҳ" "ғ" "ў" ҳарфлари билан ёзинг ёки вергул билан ажратиб ёзинг, лотинча ёзсангиз, "sh"ни "w" қилиб ёзманг илтимос!!!
Махфийлик шарти: Сизнинг электрон манзилингиздан фақат билдиришномалар юбориш мақсадида фойдаланилади.

Келгусида бундай текширувдан ўтмаслик учун, илтимос, киринг ёки рўйхатдан ўтинг.
...

Сиз ушбу бўлимда сизни қийнаётган ва қизиқтираётган саволларни бериб жавоб олинг, ва берилган саволарга маслаҳатлар бериб, савол берувчининг мушкулини осон қилинг.
Сайтга фойдаланувчи томонидан қўшилган ёлғон ёки инсон онгига салбий таъсир ўтказадиган маълумотлар, қолдирилган фикрлар ва изоҳларга жавобгарликни сайт маъмурияти ўз зиммасига олмайди.