Ўзингиз ва атрофдагилар ҳақидаги фикрларингизни ўзгартириб юборадиган 15 та психологик китоб


Муносабатларда, ишда ёки умуман бошқалар билан ўзаро алоқаларда ҳаммаси чаппасига кетаётганини ҳис қилаётган бўлсангиз, биринчи навбатда, психолог қабулига боришингиз керак. Ёки қўрқувларингиз ҳақида дўстларингизга айтиб беринг. Аммо, кўпинча муаммоларнинг илдизи унчалик чуқур бўлмайди ва уларни махсус адабиётларни ўқиб ўзингиз ҳал қилишингиз ҳам мумкин.

Биз сиз учун ўзингизни ва атрофдагиларни яхшироқ тушунишга ва ҳаётингизни тўғри йўналишга солиб олишга ёрдам берадиган китоблар рўйхатини тузиб чиқдик.

Таъсир психологияси. Роберт Чалдини

Ушбу китоб ўқилиши шарт бўлган ажойиб китоблардан бири ҳисобланади. Гарчи у узоқ вақт аввал ёзилган бўлишига қарамай, ҳалигача долзарблигини йўқотмаган. Муаллиф инсон хулқ-атворининг асосий хусусиятлари ҳақида оддий тилда тушунтириб, одамларга қандай таъсир қилиш ва ўзингизни бошқаларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар беради. «Таъсир психологияси» маркетологлар, менежерлар ва ўз ишларида одамлар билан кўп алоқада бўладиган ҳар бир кишига тавсия этилади. Китоб кенг ўқувчилар оммаси учун ҳам фойдали бўлади: сиз хизмат кўрсатиш соҳасидаги ходимлар қандай психологик ҳийлалар ишлатишларини билиб оласиз, ҳамда уларга қарши туриб, сизга ҳақиқатан ҳам керак бўлган нарсаларнигина танлашни ўрганасиз.

Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси. Стивен Р. Кови

ФОТО: MASLAHATIM.UZ

Шахсий ўсиш ва ўзини ривожлантириш мавзусидаги ушбу китоб дунёда энг кўп сотилган биринчи рақамли китобдир. У аллақачон миллионлаб одамларга ёрдам берган (шу жумладан Стивен Форбес ва Ларри Кинг). Муаллиф ўзингизни қандай тушуниш, мақсадларингизни тўғри шакллантириш ва уларга эришиш йўлларини осонгина ва ҳайратланарли тарзда айтиб беради. Осон ечимлар ва тезкор натижалар бўлмайди – буларнинг барчаси бироз куч ва вақтни талаб қилади. Бу китоб ривожланишга, ўз ҳаётини ўзи бошқаришга, режадаги имкониятларини рўёбга чиқаришга интилаётган инсонлар учун. У иш столингиздан доимий ўрин эгаллайдиган энг фойдали китоб бўлади.

Ирода. Ривожлантириш ва мустаҳкамлаш. Келли Макгонигал

Ҳамма учун – уй бекаларидан тортиб то бизнесменларгача бирдек муҳим бўлган китоб. Муаллиф – Стенфорд ўқитувчиси – иродани мустаҳкамлаш учун оддий ва осон усулларни тақдим этади ва бизнинг миямиз ва психикамиз қандай ишлашини тушунтириб беради. Ва, энг муҳими, китоб нафақат муаллифнинг тажрибаси ва фикри, балки асосли илмий изланишларга асосланиб ёзилган. Сиз ирода кучи аслида нимадан иборатлигини, сизнинг хатти-ҳаракатларингиз ва яқинларингизнинг турли вазиятлардаги хатти-ҳаракатлари нима асосида амалга ошиши ва бунга қандай таъсир қилиши мумкинлигини билиб оласиз. Китоб мотивация ва қатъият етишмайдиган, тафаккурини ўзгартириб, мақсадига эришмоқчи бўлган инсонлар учун жуда мос келади.

Истайман ва бажара оламан. Михаил Лабковский

Замонавий ва, эҳтимол, энг таниқли ва машҳур рус психологи Михаил Лабковский ҳамма бахтли бўлиши мумкинлигига ишонади. Унинг китобида ўзингизни, истакларингизни қандай тушуниш ва ҳаётдан завқ олишни ўрганиш ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳамма учун энг қийин бўлган саволларга аниқ жавоб беради. Психологнинг маслаҳати дастлаб жуда радикал бўлиб туюлади ва бир қарашда ҳатто ҳайратга солиши мумкин. Муаллифнинг асосий тавсияси – «Ўзингиз хоҳлаган нарсани қилинг» – кўпчилик буни сўзма-сўз тушунади. Китоб ҳали ҳам соғлом одамнинг соғлом истаклари ҳақида. Ва муаллифнинг мақсади – агар чин дилдан хоҳиш бўлса, инсон ҳаётини ва ўзини ўзгартириши мумкин эканлигини кўрсатиб беришдир.

Одатлар кучи. Нега биз шундай яшаяпмиз, аксинча эмас? Чарлз Дахигг

Китобда одатларимиз қандай шаклланиши, айрим одатлардан қандай қутулиш ёки ёмон одатларни қандай ўзгартириш борасидаги сўнгги илмий кашфиётлар тасвирланган. Сиз бизнинг қандай овқатланишимиз, ухлашимиз ва харид қилишимиз орқасида нима борлигини ва нима учун биз одатларимизга бўйсуниб яшашимизни билиб оласиз.

Муаллифнинг тавсияларидан фойдаланиш, албатта, ҳаётингизни тўғри йўлга йўналтиради ва уни ижобий томонга ўзгартиради.

Бутунлай кечириш. Колин Типпинг

Бу китоб ҳаётда мувозанатни топиш, бахт ва севгига эришиш учун ажойиб ёрдамчи бўла олади. Агар сиз ҳаётингизда бўлиб ўтган ишларни таҳлил қилиб, ҳадеб такрорланаверадиган омадсизликлар ёки воқеа-ҳодисаларнинг сабабини тушунишни истасангиз, у ҳолда бу китоб айнан сиз учун. У сизга ўтмиш ва бугунга нисбатан қарашларингизни ўзгартиришга ёрдам беради. Сиз бутунлай ўтмиш дилхираликларидан қутулиб, қурбон ролидан воз кечасиз ва ҳаёт сизга тақдим этадиган ҳамма нарсани миннатдорлик билан қабул қила бошлайсиз.

НИ СИ. Ўзни шакллантириш. Жен Синсеро

ФОТО: MASLAHATIM.UZ

Жен Синсеро – бу ҳақиқатан ҳам ўз муаммоларини ҳал қилган, ҳаётни севадиган, ҳар лаҳзадан завқланадиган ва бу қувончни бошқалар билан баҳам кўрган муаллиф. Унинг китобида ҳаётимизда аниқ кўзга ташланадиган, аммо эътибор берилмайдиган нарсалар ҳақида ёзилган. Китобни ўқиш осон, у инсонларга ўрнидан туриб, орзу қилган ҳаёт сари боришни бошлаш учун илҳом беради.

Одамлар ўйнайдиган ўйинлар. Ўйин ўйнайдиган одамлар. Эрик Берн

Китобдан сиз оилавий муносабатларни қандай яхшилашни, ўзингизнинг ва бошқа одамларнинг ҳаракатлари мотивларини тушунишни ва зиддиятлардан қочишни ўрганасиз. Шунингдек, у ўзингиз ва атрофдаги одамларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб чиқишга ёрдам беради, ўзингиз ва бошқалар билан муносабатларда ўйин ўйнамасликни ўргатади. Ҳеч иккиланишсиз, бу китоб муносабатлар психологиясига бағишланган асосий асарлардан бири ҳисобланади. Китобни шунчаки ўқиш осон эмас, лекин моҳиятига чуқурроқ кириб борсангиз, тушунсангиз, у сизни ҳозирги ва келажакдаги кўплаб муаммолардан ҳалос қилади. Уларни содда ва тезкор ҳал қилиш мумкин бўлади.

Севгининг беш тили. Гери Чепмен

Ушбу китоб сизнинг турмуш ўртоғингизга, йигитингизга / ёқтирган қизингизга муҳаббатингизни билдириш ҳақида. Китоб,турмуш қурган ва қурмаган ҳар қандай эркак ёки аёл учун, ўзгаларнинг «тилини» чуқур ўрганиб яқинлари билан муносабатларни яхшилашда ёрдам беради. Эҳтимол, агар турмуш ўртоғи билан кескин муносабатларида бўлган одамлар «Севгининг беш тили»ни билганларида, ажралишлар камроқ бўлар эди. Китобни ўқиганлар айтганидек, уни ФХДЁ идорасида никох тўғрисидаги гувоҳнома билан бирга топшириш керак. Муаллиф бошқа инсонлар ва уларнинг хатоларини тушунишга ёрдам беради, ҳар кимни ўз қаричи билан ўлчаш мумкин эмаслигини кўрсатади ҳамда яқин инсонлар, ота-она, фарзандлар билан муносабатларни тартибга солиш бўйича амалий маслаҳат ва тавсиялар беради.

Шунчаки космос. Фикрлар ва энергия билан бойитилган жўшқин ҳаётни бошлаймиз. Катерина Ленгольд

Катерина Ленголд ўз китобида ўзи фойдаланадиган ва унга муваффақиятга эришишда ёрдам берган оддий тавсиялар билан ўртоқлашади. Ўқувчи мотивация ва энергияни қаердан ва қандай излаш кераклигини, қандай қилиб завқланишни, тўғри мақсадларни белгилашни, янги нарсаларни синаб кўришни ва энг муҳими, агар бирор нарса мос келмаса, ҳар доим ўз ҳаётини ўзгартириши мумкинлигини билиб олади.

Нега хато қиламиз. Фикр тузоқлари. Жозеф Халлинан

Фикрлаш жараёни билан қизиқадиган, муаммоларини чуқур кўриб чиқишни ва пайдо бўлиш сабабларини англаб етишни истаганлар учун китоб. Муаллиф ҳаётимизда дуч келадиган хатолар ҳақида осон ва қизиқарли тарзда гапиради, қандай қилиб ўз қобилиятингизга ошиқча баҳо бериб юбормаслик, стереотипларга кўра ўйламаслик ҳақида маслаҳат беради. Ҳар қандай вазият мисоллар билан изоҳланади, тавсиялар берилади. Китобдаги техникалардан фойдаланган ҳолда, сиз аниқроқ қарорлар қабул қила бошлайсиз ва ўтган хатоларингиздан тўғри хулосалар чиқарасиз.

Доктор, мен бахтлиманми? Психотерапевтдан ноодатий маслаҳатлар. Юрий Вагин

Психотерапевт Юрий Вагин ўзининг кўп йиллик амалиёти давомида 30 мингдан ортиқ ҳаётий ҳикояларни тинглади ва уларга асосланиб, бахтга эришишнинг ўзига хос усулини ишлаб чиқди. Унинг китоби мутлақо барчага, айниқса, оғир ҳаётий вазиятларни бошдан кечираётган ва ўзини айблашни яхши кўрадиган инсонларга мос келади. Муаллиф ҳамма нарсани юмор билан ёзади, психиканинг мураккаб тузилиши ва бошқалар билан муносабатдаги ролини тушунтиради. Китобни ўқиганингиздан сўнг, ҳар куни ўзингизни бахтли ҳис қилиш учун нима қилиш кераклигини билиб оласиз.

Вақтни алдаш. Илм-фан бизга ҳаммасини ўз вақтида бажаришда қандай ёрдам беради. Даниел Пинк

Китобнинг асосий мазмуни: ҳар бир киши самарали бўлиши мумкин, асосийси ўзининг табиий биоритмларига риоя қилишдир. Муаллиф барча топшириқларни ўз вақтида бажариш ва шу билан бирга яқинларингиз билан мулоқот қилишни ва ўзингизга вақт ажратишни уддалаш учун жадвалингизни қандай тўғри тузиш кераклигини айтади. Ахир, кўпчилик ҳаётнинг ушбу зарур соҳалари учун етарли вақтга эга эмас. Даниел Пинк вақтингизни ўзингизнинг манфаатингизга қандай сарфлаш ҳақида амалий тавсиялар беради. Ишни бошлаш учун вақтни аниқ белгилашингиз, ички руҳий соат ҳақида маълумот олишингиз ва иш фаолиятини яхшилаш учун кайфиятингизни бошқаришни ўрганишингиз мумкин. Муаллифнинг тавсияларини қўллаган ҳолда, сиз осонгина ҳамма нарсага вақт топасиз ва ҳаётда кўп нарсаларга эришасиз.

Секин ўйла… Тез қарор қил. Даниель Канеман

Бу китобдан сиз – бизда иккита фикрлаш тизими мавжудлигини билиб оласиз. Тез фикрлаш (автоматик) – бу осон ўрганиладиган тизим, биз уни сезги деб атаймиз. Иккинчиси, секин (оқилона) – ишлашни ёқтирмайдиган, лекин турли хил кўникмаларга ўргатишга қодир, интуиция билан ечим топиб бўлмайдиган қийин ҳаётий вазиятларни ҳал қилишга имкон берадиган тизим. Нобел мукофоти совриндори бўлмиш китоб муаллифи айтганидек, биз қандай қилиб тўғри ва нотўғри қарор қабул қилишимизни ушбу фикрлаш тизимларидан бири аниқ тушунтириб беради. Канеман бу тизимларнинг бир-бири билан ўзаро таъсирини ва инсон хулқ-атворини асосларини мисоллардан фойдаланган ҳолда тушунтириб беради. Бу нарсаларни англаб етгач, сиз ҳаётингизни тўғри йўлга солиб оласиз ва барча асосий муаммоларингизни ҳал қиласиз.

Ҳаётга «Ҳа!» деб айтинг. Концлагердаги психолог. Виктор Франкл

Кучли одамлар ҳақида кучли китоб. Унинг муаллифи психолог Виктор Франкл уруш пайтида концлагерга тушиб қолган. У катта қийинчиликларни енгиши ва омон қолиши керак бўлган одам нималарни бошдан кечириши мумкинлигини ўз кузатувлари асосида тасвирлайди. Агар курашиш учун кучингиз йўқ ва буёғига қандай яшаш кераклигини тушунмаётган бўлсангиз, бу китобни ўқишингиз керак. Ўқиганингиздан сўнг, кўп нарсалар ўз жойига тушади, ҳар қандай тўсиқ қандайдир сабаб билан берилишини, ҳар қандай азоб-уқубатлар бежизга эмаслигини тушунасиз.

Сиз шу кунгача психологияга оид қандай китобларни ўқидингиз ва бу сизга қандай таъсир қилди? Ёки сиз мутахассис консультациясига боришни афзал кўрасизми?

ⓒ Maslahatim.uz


Мақола ёқдими? Дўстларингизга улашинг!

Ҳилолахон Мирзаева
Ўзбек, рус ва инглиз тиллари таржимони. Копирайтер!