Нима учун болаларнинг овқатни тўкиб ейишларига халақит бермаслигингиз керак?


Юзига овқат қолдиқлари ёпишган болаларнинг суратлари сизга ёқимтойдек туйилиши мумкин, аммо ота-оналар буни тозалаш машаққатини яхшигина ҳис қилишади. Полдаги абстракт ижод маҳсулини эслатувчи шўрва қолдиқлари ёки атрофга сочилган таом бўлаклари – катталарнинг ғазабини қўзғайдиган доимий такрорланувчи ҳолатлардир. Аммо, тадқиқотларнинг кўрсатишича, айнан шу жараёнлар боланинг ривожланишига ёрдам беради ва бундай тартибсизликни оддий қабул қилган маъқул.

Биз мутахассисларнинг фикрларини ўрганиб чиққан ҳолда, болаларнинг овқатланиш вақтидаги тартибсизликларига халақит бермаслик учун 4 та сабабни аниқладик. Шунингдек, бундай пайтларда асабларингизни тинчлантиришга ёрдам берадиган маслаҳатларни ҳам тайёрлаб қўйдик.

Тўзитиб овқатланиш болаларнинг овқатга инжиқ бўлмасликларига ёрдам беради

Буюк Британия тадқиқотчилар гуруҳи 2-5 ёш оралиғидаги 70 нафар болалар ўртасида тажриба ўтказишди. Улар косадаги овқат ичига аскар ўйинчоқни яшириб қўйишди ва болалардан таом ичидаги ўйинчоқни топишларини сўрашди. Шунингдек, болаларнинг ота-оналаридан уларнинг одатий овқатланиш меъёрлари ҳақида ҳам суриштиришди.

Шу маълум бўлдики, тажриба давомида қўллари билан овқатни титиб ўйнаган болаларда неофобия – янгича таомларни татиб кўришни истамаслик ҳолати кам учрар экан.

Агар болангиз бошдан оёқ овқат қолдиқларини сочиб юборган бўлса, жаҳлингиз чиқмасин. Бу унга янгиликларни синаб кўришда қўрқувни енгишга ёрдам беради.

Бу боланинг мияси ривожланишига ва янги сўзларни эртароқ ўрганиб олишига ёрдам беради

Тадқиқотлардан бири овқатланиш стулчасида ўтириб, таомни ўйнаб еган болалар овқат ва қайишқоқ нарсалар ҳақида эртароқ тушунчага эга бўлишганини аниқлаган эди.

Олимлар, шунингдек, визуал аломатлар ноаниқ бўлгани сабабли, овқатни қўл билан ушлаб кўриш кўпроқ маълумотга эга бўлишга ёрдам беради, деган хулосага ҳам келишган.

Кичик иштирокчилар моддаларни уларнинг номи билан қиёслай олишган, бу эса улар таом борасидаги билимларни тил кўникмаларини оширишда қўлланилишини англатади.

Бу худди сенсорли ўйинларга ўхшайди ва бу боланинг моторикаси учун фойдали

Идишларни тутиш ва ҳаракатлантиришни ўрганаётган гўдак ҳамма жойни тўзитиб юбориши мумкин. Аммо, бу тартибсизлик орқали унинг кўникмалари ривожланади.

Уларнинг нафақат қоринчалари, балки миялари ҳам озиқланади. Масалан, улар нарсаларни қўйиб юборса тушиб кетишини, отганда эса учишини, таомни ғижимласа шакли ўзгаришини билиб олади.

Мутахассислар фикрига кўра, болалар атрофдаги оламни билишга иштиёқ ва тактил сезгиси сабабли нарсаларга тегинишни исташади. Овқатни ўйнашда эса улар лаблар, бармоқ учлари ва тил каби тананинг энг сезувчан қисмларини ишлатишади.

Болалар учун ҳар хил масса ва иссиқликдаги овқатларни ўрганиш қанчалик қизиқ туйилишини бир тасаввур қилиб кўринг-а.

Болалар мустақилликка ўргана боришади, шунинг учун ҳам овқатни ўзлари тинтиб чиқишларига қўйиб беринг

Бир гуруҳ тадқиқотчилар болаларнинг ўйин паттернларини аниқлаш учун тажрибалар олиб боришган. Улар болаларга машина бериб, у қандай ишлашини аниқлашни айтишган.

Маълум бўлишича, болалар – аслида кичик олимлар. Улар атрофларидаги маълумотларни ўрганишади ва бир қанча гипотезаларни синаб, улардан қай бири самарали эканлигини аниқлашади.

Гуруҳ бу ўйин одатийларидан фарқли ўлароқ, болаларни кўпроқ фикрлашга ундаганини таъкидлади. Шундай экан, балки болаларга овқат устида тажриба ўтказишларига қўйиб бериш ҳар қанақасига яхши фикрдир.

Тозалаш осон иш эмас, шу сабабли тартибсизликни бироз камайтириш учун бир нечта маслаҳатлар тақдим этмоқчимиз:

  • Қўлга осон кирадиган таомларни кўпроқ беринг.

Бундай овқатларни йиғиштириб олиш ҳам осонроқ, масалан, қуймоқлар ва мевалар. Қуюқроқ сули ёрмаси ҳам қошиқдан тўкилиб кетавермайди.

  • Полга шолча ёки газета ёйиб қўйинг.
  • Тозалашга осон стуллардан фойдаланинг.
  • Махсус воситалардан фойдаланинг.

Масалан, силикондан тайёрланган махсус тутқичга эга ошхўраклар ва тагликка маҳкамланган косачалар овқат пастга тўкилиб кетишининг олдини олади.

Фарзандингизнинг овқатланиш одатларига сиз қандай қарайсиз? Овқатни ўйнашига рухсат берасизми?

Агар сиз ҳам фарзандингизнинг қизиқарли фотосуратлари сайтимизда кўрсатилишини истасангиз, уларни ҳозироқ бизга жўнатинг. Биз сизни кутамиз!


Мақола ёқдими? Дўстларингиз билан улашинг!

5
5 овозлар
Hilolaxon Mirzayeva

Таржимон (Ўзбек, рус ва инглиз). CMM Копирайтер.