Ўзбек тилига аниқ таржимаси йўқ бўлган инглизча сўзлар


Баъзи сўзларни шунчаки таржима қилиб бўлмайди, улар аниқ нимани англатишини батафсил тушунтириб беришга тўғри келади. Худди шундай сўзлар инглиз тилида ҳам бор. Adme.ru инглиз тилидаги шундай аниқ таржима қилиб бўлмайдиган сўзлар рўйхатини жамлади.

Baggravation

GETTY IMAGES / ARINAHABICH

Самолётда учган ҳар бир одам чамадон ва юкларини махсус юк карусели олдида кутиб туради. Инглиз тилидаги baggravation сўзи бошқалар юкларини аллақачон топган вақтида сиз ҳали ҳам ўзингизникини ололмаганингиздан ташвишланиш ҳисини англатади. Бу сўз bag – юк ва aggravation – хавотир сўзларидан олинган.

Earworm

GETTY IMAGES / GYRO

Қайсидир мусиқани эшитиб қолиб, у кун бўйи миянгизда айланаверган пайт бўлганми? Худди шундай мусиқа инглиз тилида биргина сўз билан ифодаланади – earworm. Сўзма-сўз тажрима қилинганида бу “қулоқ қурти” деган маънони беради. Масалан, “That song is such an earworm” – бу қўшиқ миямдан чиқиб кетмаяпти, деб айтиш мумкин.

Serendipity

Кембриж луғатига кўра, бу сўз – тасодифан қизиқарли ва қадрли нарсани топиб олиш хусусиятини англатади. Шунингдек, бу сўз ортиқча кучсиз, интуицияга таянган ҳолда тўғри қарор қабул қилиш, ечим топиш ёки муҳим хулосаларга келишни билдиради.

Айтганча, Кейт Бекинсейл ва Жон Кюсак иштирокидаги 2001 йилда суратга олинган фильм айнан шундай номланган: Serendipity. Фильмнинг бутун сюжетини биргина шу сўз билан таърифласа бўлади, чунки бош қаҳрамон қиз қарор қабул қилишда доим ўз интуициясига суянади: агар тақдир бўлса, бош қаҳрамонлар бирга бўлишади.

Siblings

Ўзбек тилида бир вақтнинг ўзида ҳам ака-ука ва опа сингилларни битта сўз орқали аташнинг имкони йўқ. Инглиз тилида эса бунинг иложи бор – siblings. Аммо, бу унчалик ҳам қулай эмас. Чунки, агар “He is one of five siblings” дейилса, унда 4 та опа-сингил борми ёки ака-уками, аниқ билиб бўлмайди. Бундай ҳолларда, батафсил аниқлаштириб ўтишга тўғри келади.

In-laws

GETTY IMAGES / MOTORTION

Қайнона, қайнота, қайноға, почча, қайнсингил – қариндошларни ифодалаш учун жуда кўп сўзлар бор. Аммо, эр ёки рафиқа тарафдан қариндошларни битта сўз билан қандай аташ мумкин? Инглиз тилида бу жуда осон – In-laws.

Агар суҳбат давомида эр ёки хотиннинг қариндошларидан фақат биттаси ҳақида гапириш керак бўлса, ака, ука, сингил, она, ота сўзларига –in-law қўшимчаси қўшиб қўйилса бас. Масалан, қайнона – mother-in-law, қайнсингил – sister-in-law ва ҳ.к.

Fortnight

GETTY IMAGES / TOWFIQU BARBHUIYA

Вақтни ифодаловчи одатий сўзлар билан бир қаторда, инглиз тилида яна бошқача сўзлар ҳам мавжуд. Йил – year, ой – month, ҳафта – week ва шу билан бир қаторда икки ҳафтани ҳам махсус сўз билан аташ мумкин – fortnight. Айтганча, инглиз тилида бутун бир 24 соатни англатувчи сутка сўзи мавжуд эмас. Бунинг ўрнига улар 24 hour – 24 соат сўзини ишлатадилар.

iFinger

GETTY IMAGES SIGNATURE / ERIKONA

Бу сўз яқинда пайдо бўлган сўзлардан биридир. У, ҳатто овқат вақтида ҳам смартфонидан ажралмайдиган одамларга нисбатан қўлланилади. iFinger деб овқатланиш вақтида телефондан фойдаланиш учун тоза сақлайдиган бармоғингизга айтилади.

To computer-face

CANVA IMAGES / BRAND X PICTURES

Иш куни ҳали тугамаган, аммо сиз зерикганингиздан интернетга кириб ўтирган пайтларингиз бўлганми? Шу пайтда бирдан бошлиқ пайдо бўлади-ю, сиз ўзингизни ишлаётгандек тута бошлайсиз. Инглиз тилидаги To-computer-face сўзи “компьютер мониторига қараб, ўзини астойдил ишлаётгандек кўрсатиш” деган мазмунни беради.

Wallflower

GETTY IMAGES PRO / NIDERLANDER

Бу сўз индамас, тортинчоқ ва диққат марказида бўлишга уяладиган одамларга нисбатан қўлланилади. Агар шовқинли базмда ҳамма рақсга тушгани чиқиб кетса-ю, сиз стол ёнида қолиб, атрофни кузатиб ўтирган бўлсангиз, инглиз тилида гапирувчилар сизни wallflower деб атаган бўлар эди.

To lip-sync

Нима, бу лабларни синхронлаштириш деганими? Йўқ, албатта. To lip-sync феъли “бошқалар эшитмаслиги учун лабни қимирлатиб, қўшиқ сўзларини ичингизда такрорлаш” дегани. Масалан, сиз жамоат жойида кета туриб, қулоқчинда севимли қўшиғингизни эшитиб қолдингиз. Сиз уни баланд овозда қўшилиб айта олмайсиз, жуда ҳам айтгингиз келганидан лабингизни қимирлатиб, ичингизда куйлай бошлайсиз.

Stage-phoning

CANVA IMAGES / ROSS HELEN

Stage-phoning – бу ўзини худди телефонда гаплашаётгандек тутиш. Масалан, баъзида ҳеч қандай қўнғироқ бўлмаса ҳам, телефонда гаплашиб кетишади. Бу ҳийладан асосан йигитлар ёнидан жимгина ўтиб кетаётган чиройли қизга таъсир ўтказиш учун фойдаланишади. Телефонда суҳбатлашаётгандек бўлиб, улар қимматбаҳо машина, каттакон уй ёки севган қизи билан ажралишиб, энди жиддий (янги) муносабат қурмоқчи эканлиги ҳақида гапириб ўтишлари мумкин.

Closet music

Cўзма-сўз таржима қилсак, бу “шкаф мусиқаси” ёки “шкафда эшитиладиган мусиқа” бўлиб чиқади. Аслида эса, бу сўз бирикмаси сиз ёқтирган аммо бировларнинг олдида тинглашга уяладиган қўшиқни англатади. Масалан, қўпол эркак киши Disney мултфильмларидаги қўшиқларни ёқтиришини тан олгиси келмайди ва уларни фақат ўзи ёлғиз қолганида тинглайди.

Сизга инглиз тилини ўрганиш ёқадими? Бу сўзларнинг қайси бири сиз учун янгилик бўлди?


Мақола ёқдими? Дўстларингиз билан улашинг!

1
1 овоз
Hilolaxon Mirzayeva

Таржимон (Ўзбек, рус ва инглиз). CMM Копирайтер.