«Ҳалол логотипи сабабли мижозлар маҳсулотга ишонч билдирадилар»: Индонезияда ислом банки қандай ишлайди


Маҳаллий финтех стартаплари фақат шариат вакилларининг розилигидан кейин ривожланиши мумкин. Rest of World нашри шариат қонунларига мувофиқ илова яратиш учун тадбиркорлар қандай қийинчиликларга дуч келиши ҳақида айтиб ўтди.

Getty Images / Light Field Studios

Шариатга мувофиқлик сертификати

Нашрда ёзилишича, Индонезияда 220 миллион нафарга яқин мусулмонлар бор ва улар ҳар йили 224 миллиард доллар пул сарфлайди. Потенциал фойдаланувчиларга эришиш учун финтех стартаплари Индонезия Уламолар Кенгаши (Majelis Ulama Indonesia ёки MUI)нинг шариат сертификациясидан ўтиши керак.

Кенгаш мамлакатнинг турли бурчакларидан келган уламолардан иборат бўлиб, индонезияликларнинг кундалик ҳаётига таъсир ўтказиш кучига эга. Мисол учун, ташкилот ҳалол озиқ-овқат назоратини ўтказган, сут ва тайёр уграларнинг диний талабларга мувофиқлигини текширган эди.

MUI вакиллари

MUI вакиллари

MUI P2P пул ўтказмалари хизматларини, мобил банкинг иловалари ва биржа сайтларини текширади. Унинг Dewan Syariah Nasional (DSN) бўлими платформаларга шариат қонунларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатлар беради. DSN раиси Индонезия вице-президенти Мааруф Амин бўлиб, у 2019 йил ноябрь ойида иқтисодиётни динга боғлашни мамлакат тараққиётининг устувор йўналиши деб эълон қилган эди.

Сертификат олиш учун стартаплар қоидалар тўпламидаги 154 та фатвога мос келиши керак.

Фатво – бу ҳар қандай масала бўйича муфтий ёки бошқа диний уламо томонидан ислом тамойиллари ва фиқҳ амалиёти претседентларига асосланган ҳолда қабул қилинадиган қарор. Ҳар йили қоидалар тўпламига рақамли банклар бўйича янги фатволар қўшилади –  криптовалюта ва товар бозорларидаги онлайн операциялар бўйича ҳам қоидалар мавжуд. MUI ислом анъаналари ва таълимотларидаги билимларни қўллаш орқали рақамли маҳсулотларни ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичларига таъсир ўтказади.

Фоизсиз кредитлар

Шариат рибо – яъни, фоиз ундиришни тақиқлайди. Фоиз, кафолатланган фойда ва судхўрлик исломда адолатсизлик ҳисобланади, шунинг учун анъанавий модель ўрнига мудораба қўлланилади.

Мудораба – мижоз банкка пул ўтказганидаги депозит. У турли лойиҳаларга сармоя сифатида қўлланилади ва фойдаланувчи белгиланган фоизни эмас, балки инвестицияларда иштирок этишдан олинган фойданинг бир қисмини олади.

Лойиҳадан олинган фойда банк ва мижозлар ўртасида олдиндан белгиланган миқдорда бўлинади. Банк лойиҳа муваффақиятсизликка учраган тақдирда инвестиция қилинган сумманинг қайтарилишини кафолатламайди, шу билан бирга, фойдаланувчининг пулини бошқариш учун комиссия ҳам олмайди.

Шариат қонунлари бўйича акцияларни сотишнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари бор. 80-сонли фатвога кўра, савдогарлар фақат ҳалол компанияларга сармоя киритишлари мумкин. MNC Trade Syariah каби онлайн биржа савдоси платформалари биржа рўйхатларини текширади ва алкоголли ёки чўчқа маҳсулотларидан фойдаланувчи компанияларининг қимматли қоғозларини чиқариб ташлайди.

Фото: MNC Trade Syariah

LinkAja рақамли ҳамёни

Баъзи компаниялар учун Кенгашнинг талабларини бажариш қийин. 2019 йил июнь ойида ишга туширилган Индонезиянинг LinkAja хизмати 2020 йилда рўйхатдан ўтган 45 миллион фойдаланувчига хизмат кўрсатди. Иловада мижозлар электрон пулларни юборишлари, қабул қилишлари ёки сақлашлари мумкин.

2019 йил охирида компания мусулмон фойдаланувчилар учун «LinkAja Sharia Services» рақамли ҳамёнини эълон қилди. Стандарт дастур фойдаланувчилари созламалар орқали шариат қонунларига мувофиқ яратилган версияга ўтишлари мумкин. LinkAja жамоаси прототип яратишдан олдин ҳам MUI билан маслаҳатлашиш зарурлигини билар эди.

Финтех мусулмон компаниялари кенгашга маслаҳат берадиган, уларнинг талабларини бажарадиган ва компанияларга сертификат олишга ёрдам берадиган махсус ходимни ёллайди. LinkAja’да бу ҳодим Вижаянто Жунайдин (устоз Жунайдин) эди. Бунгача унинг шаръий технологиялар бўйича тажрибаси йўқ эди – у Индонезиядаги энг йирик телекоммуникация оператори Telkomsel’да ишлаган.

Баъзи уламолар рақамли ҳамёнлар «ҳаром»нинг бир кўриниши, тақиқланган амалиётлардан бири эканлигини таъкидладилар. Рақамли кешбек ва ҳамкор дўконлардаги чегирмалар компаниялар ўртасида фоиз тўлаш усулларидан бири сифатида – ниқобланган рибо деб топилди. MUI пулни рақамли ҳамёнларда қатъий шартларга риоя қилган ҳолдагина жўнатиш ва сақлаш мумкин, деб қарор чиқарди.

MUI LinkAja иловасини таҳлил қилгач, В. Жунайдин жамоасидан уч кишилик кузатув кенгашини тайинлади. Улар маҳсулот устида ишлашнинг нозик жиҳатларини ўрганиб чиқиб, маслаҳат ва тавсиялар беришди. 2019 йил ноябрь ойидан бери В. Жунайдин бозор тадқиқотлари, маҳсулотни синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқишнинг нозик жиҳатлари бўйича кенгашга ҳар ой маълумот тақдим этиб келган.

Илова архитектурасида 116-фатвога амал қилиш жуда қийин бўлди, деб ёзади нашр. У Қуръон оятлари билан бошланади: “Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин» (Тафсири Ҳилол 2/282). Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Олтинни олтинга сотманг ва кумушни кумушга сотманг, тенг бўлган ҳоллар бундан мустасно” деган сатрлари келади.

Фатво №116

Замонавий рақамли иқтисодиёт контекстида бу қуйидагича талқин қилинади, деб ёзади Rest of World:

  • Айланма капиталлар сертификатланган ислом банкларига ўтказилиши керак.
  • Банк, илова ва фойдаланувчилар ўрталаридаги келишувлар шариат қонунларига асосланиши керак.
  • Реклама кампанияси рибодан мустасно бўлиши лозим.

Кузатув кенгаши иловага закот тўлаш функциясини ҳам қўшишни таклиф қилди, бу одатда жамғармаларнинг 2,5 фоизини ташкил этадиган хайрия шакли. LinkAja ушбу функцияни ишга тушириш учун мамлакат бўйлаб 240 та хайрия ташкилоти ва 1000 та масжид билан ҳамкорлик ўрнатди. Кенгаш барча хайрия ташкилотларини тасдиқлаб, LinkAja фаолиятини Жакартадаги штаб-квартирасида тўлиқ текшириб чиқди.

LinkAja иловаси | Скриншот: Maslahatim.uz

Жунайдиннинг сўзларига кўра, LinkAja MUI’га Шариатга мувофиқлик сертификати учун 300 доллар (4,3 миллион индонезия рупийси) комиссия ва мутахассис транспортировкаси учун 20 доллар пул тўлаган. Сертификатнинг амал қилиш муддати эса уч йилдан иборат.

LinkAja Sharia Services 2020 йил 14 апрелда ишга туширилди ва биринчи ойда 100 минг фойдаланувчи унда рўйхатдан ўтди. Жунайдиннинг фикрига кўра, мижозларнинг биринчи тўлқини MUI шариат сертификати орқасидан келган. Аксарият индонезияликлар рибо ёки мудорабанинг ўзига хос жиҳатларини тушунмаса ҳам, шариат тасдиғидаги хизматларидан фойдаланишни афзал кўради.

«Мижозлар фикрига кўра, товар ва хизматларда MUIʼнинг ҳалол логотипи ёки сертификати бор бўлиши уларга хотиржамлик ва ишонч бағишлайди.» Вижаянто Жунайдин

MUI’нинг бошқа қизиқишлари

Индонезиянинг аксарият финтех стартаплари MUI сертификатига тижоратдан бошқа сабабларга кўра ҳам интилишади: ҳужжатлар Индонезия молиявий фаолиятлар идораси қонунларига кўра талаб қилинади. Рақамли иқтисодиётнинг бошқа соҳалари, масалан, онлайн ҳалол савдо-сотиқ ёки зиёратгоҳларни бронь қилиш платформалари ушбу сертификатни талаб қилмайди.

MUI янги иловаларни ишлаб чиқишда пассив иштирок этади – кенгаш компаниялар ундан розилик олишини кутади ва фатволарга боғлаб қўймайди. Шу билан бирга, 2010 йилларнинг охиридан бошлаб, уламолар технологиянинг бошқа шаклларига қизиқиш билдира бошлашди. 2019 йилда Янги Зеландиядаги масжидда содир этилган терактлардан сўнг, MUI комиссияси террорчини илҳомлантирган PlayerUnknown’s Battlegrounds (PUBG) ўйини ҳаром ёки ҳаром эмаслиги ҳақида текширув ўтказмоқда.

Шу билан бирга, кенгашнинг техник билимлари кам, деб ёзади нашр. 2020 йил январь ойида MUI, номақбул контентлардан иборат бўлган фильмларни эфирга узатиб, мамлакатнинг диний қонунларини бузган Netflix Indonesia’ни блоклаш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. LinkAja’ни сертификатлашда ёрдам берган уламолардан бири Анвар Аббос маҳаллий нашрдан «Netflix нима?» деб сўраган эди.

Фото: Roberto Nickson / Pexels

MUI давлат университетлари экспертлари ва олимларини янги фатволарни муҳокама қилиш учун тез-тез жалб қилиб туради. «Уламолар технология ҳақидаги суҳбатларга кўп куч сарфлашни хоҳламайдилар», дея таъкидлайди MUI вакили Syafiq Hasyim.

MUI финтех ҳақида кам маълумотга эга бўлсада, Индонезияда технологик истеъмол маҳсулотларининг кейинги авлодини шакллантирмоқда. Вице-президентнинг шариатлаштириш стратегияси молиявий стартапларни бозорга олиб чиқади, кенгаш қоидалари эса бу инновацияни бошқаради.

Манба: vc.ru / Мария Шибанова | Таржимон: Ҳилолахон Мирзаева


Мақола ёқдими? Дўстларингиз билан улашинг!

5
5 овозлар
Hilolaxon Mirzayeva

Таржимон (Ўзбек, рус ва инглиз). CMM Копирайтер.